Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:25

Халқаро матбуот куни: Сайловлар йилида сўз эркинлиги устидан назорат кучайди


Президент Шавкат Мирзиёев журналистлар билан, 18 февраль, 2021, Наманган
Президент Шавкат Мирзиёев журналистлар билан, 18 февраль, 2021, Наманган

3 май - Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда матбуот эркинлигининг аҳволидан хавотир изҳор этди.

Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти мамлакатда "блогерлар ҳануз таҳдидга учраётгани ва ҳибсга олинаётгани"ни таъкидлаган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists – CPJ) Ўзбекистонни яқинда қабул қилинган “онлайн сўз эркинлигини чекловчи” қонуний тузатишларни бекор қилишга чорлади.

Қўмита 28 апрель куни эълон қилган баёнотда “Октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловлари яқинлашаркан, расмийлар ушбу янги тузатишлар ёрдамида сўз эркинлиги устидан назоратни кучайтиришга бел боғлаганга ўхшайди”, дейилади.

31 март куни Ўзбекистонда Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга киритилган тузатишлар кучга кирди.

Эркинлашаётган матбуотга босим

Ўзбекистонни қарийб 30 йил бошқарган авторитар раҳбар Ислом Кармиов вафотидан сўнг ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев даврида матбуот нисбатан эркинлашди.

Мирзиёев бошқарувидаги илк 4 йилда - виртуал воқеъликда миллионлаб аудитория йиға олган мустақил интернет нашрлари шаклланди. Ижтимоий тармоқларда, аудиторияси айрим Интернет нашрлариникидан ҳам каттароқ бўлган блогерлар жамоаси пайдо бўлди.

Аммо Мирзиёевнинг илк муддати якунига етиб, президент сайлови яқинлашаркан, ҳукуматнинг матбуотга эътибори аста секин - босим ва тазйиқларга айланди.

Ўтган 4 йилда Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлашуви жараёнини қўллаб келган халқаро матбуот ташкилотларининг ҳайрат ва хавотирлари шундан.

Жумладан, Чегарасиз мухбирлар ташкилоти ўз баёнотида журналист ва блогерларга қарши таъқиблар давом этаётганидан хавотир блдирди:

“Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари мавжуд ва ҳукумат ҳануз матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб турибди.

“Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари мавжуд ва ҳукумат ҳануз матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб турибди. Блогерлар ҳануз таҳдидга учрамоқда, ҳибс қилинмоқда. Ҳукумат хорижий ва қувғиндаги журналистларга эшигини очди, аммо айрим ахборот воситалари, жумладан АҚШ молиялайдиган Озод Европа/Озодлик радиоси учун аккредитация олиш мушкуллигича қолмоқда”.

Давр янги - ёндашув услуби эски

Шу кунда Тошкентда ишлаётган польшалик Агнешка Пикулицка шу йил февралда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтказилди.

Пикулицкага кўра, аккредитацияни расмийлаштириш тартиби қулайлашган, ортиқча қоғозбозлик йўқ. Аммо бу жараёнга масъул тизимнинг хорижий журналистларга муносабати - ҳануз эскича.

Аввалроқ польшалик журналист, Ташқи ишлар вазирлиги ходими Ўзбекистон ҳақида ижобий мақолалар ёзишни сўраб, унга босим ўтказгани, бундан ташқари, шилқимлик ҳам қилгани ҳақида баёнот берганди:

“Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери ўтган бир неча йил ичида, журналистика соҳасида вазият яхшиланди. Буни аввалги даврга умуман қиёслаб бўлмайди. Аммо, асл масала шундаки, аккредитация ҳануз ҳаммага ҳам берилмайди. Ташқи ишлар вазирлигида менга қандай муносабатда бўлишгани ҳақида гапира бошлаганимдан бир неча кун ўтиб, менга аккредитация беришди. Аммо афсуски, фақат 6 ойга, июлгача. Мен буни яна узайтириш учун апрель бошида яна ариза бердим, ҳозир жавобини кутяпман. Ҳали яна аккредитация оламанми, йўқми, бу номаълум”.

Орқасида президент турган блогерлар

Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда блогерлик фаолияти кучайиб борди. Айниқса, Ютюб ва Телеграм тармоқларида блогерларнинг ҳукуматга қаратилган танқидий чиқишлари купайди.

Президент Шавкат Мирзиёев эса уларга шахсий дастагини ҳам ваъда қилди:

“Танқид қилинглар! “Нимага сен шуни қилмаяпсан? Нимага топшириқни қилмаяпсизлар” деб, фамилиясини, расмини олиб чиқиб бир кўрсатинглар – бутун эл билсин. Бу учта-тўртта қарордан ҳам кўпроқ таъсир қилади, сизларнинг кучларинг катта”, деди Мирзиёев Тошкент вилоятига қилган сафарида.


Аммо аввалига нисбатан эркин ишлаган блогерлар ҳам сайлов йилига келиб сиқувга олинмоқда, айрим танқидчилар тазйиққа учради.

Жумладан, Ўзбекистон ҳукуматига қаратилган танқидлари ва ЛГБТ ҳуқуқлари ҳимоясига қилган чиқишлари билан танилган 30 яшар Миразиз Бозоров ИИВ терговига тортилган.

Бозоров 28 март куни Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида жинсий озчиликларга қарши ўтган намойишдан сўнг, ўз уйи олдида қора ниқобли одамлар томонидан калтакланганди.

Бу блогер, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва анча мунча жамоатчиликка танилган фаоллар, сиёсатчилар томонидан айнан жинсий озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилгани учун таҳқирланди ҳам.

Бироқ блогерга ҳужумни суриштиришини билдирган Ички ишлар вазирлиги ҳозир унинг ўзини Жиноят кодексининг 2 та моддаси билан, туҳмат ва ҳақоратда гумон қилмоқда.

Бу жараёнга муносабат билдирган Amnesty International ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини, блогер ва мустақил журналистларни ҳимоя қилишга чақирди:

“Халқаро ҳуқуқий келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон ҳукумати журналист ва блогерларни ҳар қандай таҳдидлар, касбий профессионал фаолияти билан боғлиқ хавфлардан ҳимоя қилиши шарт. Уларнинг жисмоний дахлсизлиги ҳамда сўз эркинлиги ва қарашларини ифода эта олишини таъминлаши керак”.

Айни пайтда, ҳукуматнинг яна бир танқидчиси - сурхондарёлик таниқли блогер Отабек Сатторий ҳам ҳибсда қолмоқда. Унга ЖКнинг 3 та моддаси билан жами 8 та айблов эълон қилинди.

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

У ҳам 30 январь куни соат 17 ларда Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилган.

"Ҳамма менга қарши" - Отабек Сатторий судида гувоҳлар ва қўшимча гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00

Мустақил журналист ва блогерларга босим

Польшалик журналист Агнешка Пикулицка бу жараённи Ўзбекистонда нисбатан эркин ишлай бошлаган блогер ва мустақил журналистларга босим, деб баҳолайди.

Зотан, унинг ўзи ҳам блогер Бозоровни ҳимоя қилгани ортидан, ИИВ томонидан “Блогер атрофидаги воқеаларни нохолис ёритганлик”да айбланди:

“Ҳозир қандайдир тушунарсиз вазиятдамиз. Чунки ҳукумат, журналистлар фаолиятини қийинлаштирадиган қонунларни қабул қилди. Мисол учун, бундан бу ёғига менга СНОС мавзуси, ЛГБТ мавзусини кўтариш имконсиз бўлиши мумкин. Чунки, мана шу моддани қўллаш учун, бу чиқишларимни бошқача талқин қилишлари мумкин. Лекин, буни ҳали вақт кўрсатади. Аммо ҳозир кўриб турганимиз, либерал қарашда бўлган кишиларга босимдир. Миразиз Бозоров бунинг яққол мисоли. Мен ҳам кўплаб, ҳар хил таҳдидлар оляпман, шу жумладан ИИВ ҳам мени ёлғон гапиришда айблади ва бу масалага қайтишини билдирди. Ҳозирча қайтилгани йўқ. Мен бу ҳолатни мураккаб ва зиддиятли мавзуларни кўтараётган журналистларни назоратга олиш уриниши, деб ҳисоблайман”.

“Янгиланаётган Ўзбекистон” ЛГБТ вакиллари учун янги хатарлар туғдирмоқда...ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00

Сўз эркинлигининг чегараси

Бугун эркинлашаётган ўзбек матбуоти ҳақида гап борар экан, аксар журналист, таҳлилчи ва жамоатчилик фаоллари бу эркинликнинг чегараланганини ҳам алоҳида қайд этмоқдалар.

Мисол учун, Президент ва унинг оиласига ёки ҳукуматнинг энг юқори поғонасида ўтирган мулозимларга боғланган коррупция, ноқонуний ҳаракатларга оид иддаолар расмий, на мустақил ички матбуотда ёритилаётир.

Чегарасиз мухбирлар ташкилоти ҳам ўнгги ҳисоботида “ҳукуматнинг юқори поғонасидаги амалдорлар танқиди ҳануз имконсиз”, дея қайд этди.

Ислом Каримов бошқаруви пайтида, танқидий чиқишларини тўхтатмаган ва президент Мирзиёев даврига келиб ҳам, ҳукуматнинг юқори поғонасидаги амалдорлар коррупциясини ёритган мустақил журналист Сергей Ежков буни алоҳида қайд этади:

“Тўғри, ҳозирча ҳеч қандай жиддий хулоса қилинмади, мен ёзган амалдорлардан ҳеч бири жазоланмади. Ҳозирча давлат ғазнасидаги пул, солиқ тўловчилар пулини талон-тарож қилганлар жазолангани йўқ. Лекин, бу ҳол мангу давом этайди, деб ўйламайман. Чунки, бу ҳукумат ҳам, ҳеч бўлмаганда, ўзини ҳурмат қилишларини истайди. Шунинг учун, халқ пулини ўғирлаётганларга ҳам вақт келади, бунинг ҳам вақти бўлади”.

Тошкентда ишлаётган Ежковдан фарқли равишда, шу кунда Канадада муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик мустақил журналист Улуғбек Ашур бу қадар умидвор эмас.

У Ислом Каримов даврида, тазйиқлар ортидан Ўзбекистонни тарк этган. Ўша кезларда ҳам амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятда эди - Ўзбекистонга Бош вазирлик қилаётганди.

"Ўзбекистондаги блогер ва журналистлар президент ва унинг оиласига оид мавзуларни ёритишдан тийилиб туради, тўғрироғи уларни тийиб туришади. Аслида мамлакат қонунчилигида цензура йўқ. Аммо "агар шуни ёритсанг, муаммога учрайсан, дейдиган кучлар бор. Матбуот, сўз эркинлиги Ўзбекистонда ҳеч қачон эркин бўлмаган. Илгари жуда қийин эди, ҳозир Мирзиёев даврига келиб ҳам осонмас. Ҳозир вазият бирмунча яхши, лекин бу эркинлик сиёсий элита ҳаётини тўлиқ кўрсатиб бера олмаяпти. Сўз эркинлиги фақат қуйи поғона - туман, вилоят ҳокимларининг айбини кўрсатишгина эмас. Каримов давридаги қўрқув ҳозир формасини ўзгартирган, ҳозир мутацияга учраб, рангини ўзгартирган, холос".

Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида: Руандадан ёмон, Беларусдан яхшироқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00

Ислоҳот ўрнига кескинлашган қонунчилик

Президент сайловига расман старт берилган бир кезда, Ўзбекистон қонунчилигига 2 та жиддий ўзгартириш киритилди.

Шу йилнинг 31 мартида Ўзбекистонда Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунларидаги ўзгартиришлар кучга кирди.

Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган янги қонунга кўра, президентни телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда ҳақоратлаш, уни туҳмат қилишда айбланганлар 5 йилгача қамалиши мумкин.

Бундан ташқари, Жиноят Кодексига, ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали оммавий норозиликка даъват учун ҳам жавобгарлик киритилди.

Сўнгги ҳисоботида, Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ана шу қонуний ўзгаришларни кескин қоралади:

“Октябрга белгиланган президент сайлови яқинлашаркан, ҳукумат, қонунчиликка тузатишлар киритиш воситасида сўз эркинлиги устидан назоратни кучайтиришга бел боғлаган кўринади. Агар ўзбек расмийлари либерал ислоҳотларга чин дилдан ҳаракат қилаётганига дунёни ишонтиришни истаса, матбуот эркинлигини чекловчи ва ўз танқидчиларига жарима ҳамда қамоқ хавфини туғдирувчи қонунларни бекор қилиши керак”.

Президентни ҳимоя қилувчи қонун ишга тушди. Жавобгарликка тортилган биринчи шахс ким?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:34 0:00

Ўзбек матбуоти қаёққа қараб кетяпти?

Бу йил октябрда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг илк муддатига якун ясайдиган президент сайлови бўлиб ўтади.

Мирзиёев номзодини қўйиши ва иккинчи муддатга сайланишига кўпчилик шубҳа қилмайди.

Сайлов йилида давлат ва нодавлат матбуот ҳамда ижтимоий тармоқларга кучайган босим, айрим ўринларда эса тазйиқларни кузатаётган журналистлар матбуотнинг бундан кейинги истиқболидан хавотирда.

Уларнинг аксари, жумладан Сергей Ежков ўзини ислоҳотчи президент, деб тақдим қилган ва бунга матбуотдаги эркинликни мисол қилиб келтираркан, "бу нуқтадан орқага қайтиш йўқ”, деб таъкидлайдиган Шавкат Мирзиёев фикрига қўшилмайди.

Яъни, бу ўринда ҳаммаси ҳукуматга боғлиқ, унинг матбуотга ва ҳар доим ҳам ҳукумат учун ёқимли, қулай бўлмаган мавзуларни кўтарадиган журналистга қанчалик тоқат қилишига боғлиқ.

“Ҳамма нарсани бир онда терс ўгириб юбориш мумкинлигини тарих бизга кўрсатган. 1980 йиллар охири, иккинчи ярми ва қисман, 1990 йиллар бошида биз бунга гувоҳ бўлганмиз. Ўшанда Ўзбекистон матбуоти, ўша давр учун максимал даражада эркин бўлган. Кейин ҳаммаси ўзгарди ва бир неча йил ичида матбуот ҳукуматнинг расмий таянчига айланди. Яъни, бу ўринда ҳаммаси ҳукуматга боғлиқ, унинг матбуотга ва ҳар доим ҳам ҳукумат учун ёқимли, қулай бўлмаган мавзуларни кўтарадиган журналистга қанчалик тоқат қилишига боғлиқ. Агар ҳукумат журналистлар фикри билан ҳисоблашса ва уларнинг фиркини, объектив ёки баҳсли бўлсин қабул қилса, албатта ривожланиш бўлади. Агар ҳукумат, унинг ўзи белгилаб берган чизиқлардан матбуот ўтиб кетяпти, деб ҳисобласа, унда табиийки, биз акс таъсирни кўрамиз - матбуот аввалги позициясига қайтади, ортга кетиш бўлади”.

XS
SM
MD
LG