Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:44

CPJ Ўзбекистонни интернетда сўз эркинлигини чекловчи қонунни бекор қилишга чақирди


Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists – CPJ) Ўзбекистонни яқинда қабул қилинган “онлайн сўз эркинлигини чекловчи” қонуний тузатишларни бекор қилишга чорлади.

Қўмитанинг Европа ва Марказий Осиё дастури координатори Гулноза Саид 28 апрель куни эълон қилган баёнотда “Октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловлари яқинлашар экан, расмийлар ушбу янги тузатишлар ёрдамида сўз эркинлиги устидан назоратни кучайтиришга бел боғлаганга ўхшайди”, дейилади.

“Агар ўзбек расмийлари дунёни либерал ислоҳотларни амалга оширишга чин дилдан ҳаракат қилаётганликларига ишонтиришни истасалар, матбуот эркинлигини чекловчи ва танқидий ҳисобот берганлар учун жарима ва қамоқ жазоси таҳдидини туғдирувчи ушбу қонунларни бекор қилишлари керак”, дея қўшимча қилди у.

31 март куни Ўзбекистонда Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга киритилган тузатишлар кучга кирди.

Бундан бир кун олдин президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолаганди.

Унга кўра, Ўзбекистон президентини телекоммуникация тармоқлари ёки интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, мазкур меъёр Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларда белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди.

Жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистонда президент сайловлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда Мирзиёев иккинчи муддатга сайланиши кутилмоқда.

Мирзиёев авторитар раҳбар Ислом Каримов 2016 йил сентябрида вафот этганидан кейин ҳокимият тепасига келди.

Ўшандан бери Мирзиёев ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатиб келади. Ўзбекистонда унинг раҳбарлиги остида сиёсий маҳбуслар озод қилинди, мамлакат қўшниларига ва ташқи дунёга очилди.

Аммо танқидчилар ислоҳотлар тўлиқ амалга ошмагани ва етарли эмаслигини айтиб келади.

Мирзиёев Ўзбекистонда мухолиф сиёсий гуруҳлар яратилишига қарши эмаслигини айтган бўлса-да, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери мамлакатда ростмана мухолиф партияларни рўйхатга олиш имконсиз бўлиб келмоқда.

Ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус Сафар Бекжон Озодлик билан суҳбатда Президентнинг шаънини ҳимоя қилувчи янги қонуннинг заиф ва мавҳум жиҳатларини санаб ўтар экан, жумладан, бундай деган эди:

"Бу қонуннинг асосий йўналиши инсонларни қўрқитиш, танқиддан тийдиришдир. Сайлов яқинлашаётган пайтда президентни танқид қилиш орқали унинг шахсиятига тегинди деган масала келтириб чиқариб, унга рақиб бўлиб сайловда қатнашмоқчи бўлган номзодларнинг оғзини беркитишдир".

XS
SM
MD
LG