Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Абдулла Арипов: Салафларига ўхшамасликка изн берилган премьер


Бош вазир Абдулла Арипов
Бош вазир Абдулла Арипов

24 май куни 60 ёшга тўлган ва шу куни Ўзбекистон президентининг фармони билан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон Республикасининг тўртинчи бош вазиридир.

Абдулла Арипов 2016 йилдан буён Ўзбекистон бош вазири лавозимини эгаллаб келади. У 2002 йил майидан 2009 йил октябригача Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг раҳбари бўлиб, 2009 йилдан 2012 йилгача эса бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Мулозим 2012 йили телекоммуникация соҳасидаги коррупция жанжали ортидан ишдан олинган эди. Шундан сўнг у бир неча йил давомида Тошкент алоқа коллежида оддий ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг - 2016 йилнинг 13 сентябрида Абдулла Арипов аввал бош вазирининг ўринбосари, кейин эса бош вазир этиб тайинланган эди.

Тўртинчи премьер

Абдулла Арипов мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Бош вазири Абдуҳошим Муталов (1992,13.01 -1995, 21.12), Ўткир Султонов (1995, 21.12 - 2003, 10.12) ҳамда Шавкат Мирзиёевдан (2003, 10.12 – 2016, 14.12) кейинги 4- бош вазирдир.

  • Қиёслаш учун: Тожикистонда шу кунда 8- бош вазир ишламоқда, Қирғизистонда эса, мустақиллик йилларида 26 марта бош вазир алмашди.

Француз модели

Молия вазирлигида дастлабки икки бош вазир даврида ишлаган, ҳозирда Остонадаги Евроосиё университети ўқитувчиси, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев постсовет давлатларнинг деярли барчаси бошқарувнинг французча қурилмасини танлаб олганини айтаркан, бундай деди:

АҚШда бош вазир лавозими йўқ.

“Масалан, АҚШда бош вазир лавозими йўқ. Бу мамлакат вазирларини АҚШ президентининг ўзи бошқаради. Яъни АҚШ президенти бир пайтнинг ўзида ижроия ҳокимияти – ҳукумат бошлиғи ҳамдир. Бироқ айни пайтда, масалан, Францияда ҳам президент бор, ҳам бош вазир бор. Бу мамлакатда президент давлат раҳбари, сиёсий раҳбар, бош вазир эса, ижроия ҳокимиятидир. Постсовет давлатларнинг деярли ҳаммаси, шу жумладан Ўзбекистон ҳам шу моделни танлаган”.

Ўзбекистондаги илк хусусий банк асосчиси, кейин озодликдан маҳрум этилиб, узоқ йиллар жазо ўтаган, шу кунларда яна бизнес билан шуғулланаётган Рустам Усмонов Ўзбекистон Бош вазири ким бўлмасин, хос эътиборга лойиқ лавозим эгаси эмас, деган фикрда:

Ҳокимлар ҳам Бош вазирга эмас, Президентга ҳисоб беради.

“Бош вазир президент қабул қиладиган қарорлар, у имзолайдиган фармонлардан келиб чиқадиган вазифаларни бажарадиган ёки бажарилишини назорат қиладиган амалдор, холос. Барча қарорларни президент қабул қилади, ҳатто Бош вазир имзолайдиган қарорлар ҳам Президентнинг олдидан ўтмай, қабул қилинмайди. Ҳокимлар ҳам Бош вазирга эмас, Президентга ҳисоб беради, шошилинч иш чиқиб қолса, улар Бош вазирга эмас, Президентга қўнғироқ қилади”.

Бош вазирга берилган 4 ваколат

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Вазирлар Маҳкамаси” аталувчи XX бобида Бош вазир ваколатлари белгилаб қўйилган. Улар тўртта холос:

  • Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади;
  • Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди;
  • халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради;
  • Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

Қиёслаш учун: Конституцияда Ўзбекистон Республикаси президентининг ваколатлари рўйхати 25 пунктдан иборат.

Ариповнинг салафлари

Таниқли тележурналист Муҳаммаджон Обидов узоқ йиллар Ўзбекистон президенти ва бош вазирларига амалий сафарларида ҳамроҳлик қилгани учун уларни қиёслаш имконига эга ва шундан келиб чиқиб, кўп нарса лавозим эгасининг шахсий сифатларига боғлиқ, деган фикрда.

Муҳаммаджон Обидов
Муҳаммаджон Обидов

Муҳаммаджон Обидовнинг айтишича, биринчи Бош вазир Абдуҳошим Муталовнинг мамлакатда ўрни бор-йўқлиги деярли билинмас эди:

Биринчи Бош вазир қўй оғзидан чўп олмаган одам эди.

“Абдуҳошим акага нисбатан “қўй оғзидан чўп олмаган”, деган иборани ишлатиш мумкин. 1992 йили Мингбулоқда нефть отилиб чиққанида у киши икки ой давомида ўша жойда бўлди. Мен ҳам худди шунча муддат мухбир сифатида ўша жойда бўлдим. Икки ой давомида у кишини кузатиб, ўта маданиятли, ўта камтар ва ўта эҳтиёткор одам эканлигини кўрдим. Бирор марта ҳам камера олдида кондаги вазиятни шарҳлаб беришга кўнмаган”.

Муҳаммаджон Обидов Абдулхошим Муталовдан кейинги Бош вазир Ўткир Султоновга мана бундай таъриф берди:

Ўткир Султонов жуда маданиятли, сиёсий одобли, оқил, олим одам эди.

Ўткир Султонов жуда маданиятли, сиёсий одобли, оқил, олим одам эди. Лекин у ҳам ҳар доим панада бўлишга ҳаракат қилган. Давлат раҳбаридан изнсиз сўзламасликка, кўринмасликка ҳаракат қилган”.

Тележурналист, ҳозирда “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидовнинг айтишича, Ислом Каримовнинг ўта оғир харакатери Ўткир Султонов ўрнини эгаллаган Шавкат Мирзиёевнинг ҳам “ёруққа чиқишига” йўл қўймаган:

Биринчи президентимиз ўз ёнида ёрқин бир киши бўлишини истамас эди.

“Шавкат Миромонович Бош вазир бўлганларидан кейин 14 йил давомида давлат раҳбарига ҳурмат билан, эътибор билан муносабатда бўлганлар. Бирор марта ҳам ўзларини кўрсатмаганлар. Чунки Биринчи президентимиз ўз ёнида ёрқин бир киши бўлишини истамас эди”.

Президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам буни йиғилишлардан бирида эътироф этган эди.

Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев Муҳаммаджон Обидов айтган фикрни тасдиқлайди:

“Муталов даврида, Султонов даврида ҳукуматда ишладим. Улар ҳам, улардан кейин бош вазирликка келган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам умуман кўринмас эдилар. Чунки Каримов бунга йўл қўймас эди”.

Ариповнинг фаоллиги: изн берилгани учунми ё ўз ташаббусими?

Муҳаммаджон Обидов ўз бошидан Каримов даврини ўтказган Шавкат Миромонович, ўша даврдан фарқли ўлароқ жуда кўп масалаларни Бош вазир зиммасига юклаб қўйган, деб ҳисоблайди:

“Хизмат тақозоси билан селектор йиғилишларида кўп қатнашаман. Бош вазир ҳукумат аъзоларига, ҳокимларга жуда кўп топшириқлар беради, қарорлар қабул қилади. Менимча, бу давлат раҳбарининг Бош вазирга ишончи ва унга берган ваколатларидан бўлса керак. Абдулла Ниғматович вилоятларга чиққанда ҳам бемалол оддий одамлар орасига кириб боряпти, корхона, ташкилот раҳбарлари билан учрашяпти, муаммоларни жойида ҳал қиляпти. Илгари бундай ҳолат жуда кам бўларди. Муталов ва Султоновлар даврида умуман учратмаганман. Улар ҳеч қачон халқнинг ичига кириб бормаган”.

Сапарбой Жубаев ҳам ҳозирги Бош вазирнинг фаоллигини эътироф этаркан, айни пайтда бу фаоллик генезисини аниқ билмаслигини тан олиб, бундай деди:

“Экс бош вазирлардан фарқли ўлароқ, Абдулла Арипов анча фаол ва буни ҳамма кўриб турибди. Фақат бу Мирзиёев изн бергани учунми, ёки Ариповнинг ўзи ғайратлими – бир нарса дея олмайман”.

Очилбой Раматов ва олдинги ўринбосарлар

Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати атрофидаги миш-мишлардан тортиб, норасмий, чала расмий гап-сўзларда Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг мавқеи кучайиб бораётгани ҳақида кўп айтилади.

Чиндан ҳам шундайми? Муҳаммаджон Обидовнинг бу саволга ҳам жавоби бор. Лекин бу савол Обидовнинг бошқа ўринбосарларни эслашига туртки бўлди:

Қаюм Жалилович Ҳаққулов ўзи саҳар соат 4 да давлат раҳбарини уйқусидан уйғотиб, жуда кўнгилсиз хабарни етказа олди.

“Бош вазир Абдуҳошим Муталов даврида унинг ўринбосари Қаюм Ҳаққулов эди. Унинг мавқеи Бош вазирга нисбатан баландроқ бўлган. Жасур одам эди Ҳаққулов. Мингбулоқ нефть фаввораси икки ой отилиб, кейин кечаси соат 12 лар атрофида тўсатдан ўчиб қолган. Тонгга яқин соат 4 да Ҳаққулов Муталовга “Абдуҳошим ака, буни президентга айтиш керак” деди. Абдуҳошим ака, “йўқ, мен айтмайман, айта олмайман, ана айтса Бургутали ака (Наманган вилоят ҳокими) айтсин”, деб туриб олди. У кишиям ҳайиқди телефон қилишга. Шунда Қаюм Жалилович Ҳаққулов ўзи саҳар соат 4 да давлат раҳбарини уйқусидан уйғотиб, жуда кўнгилсиз хабарни етказа олди. Ўша пайтда Ҳаққулов ўзи ҳукуматнинг катта-катта масалалари бўйича қарорларни қабул қилаверар эди.

Вилоят ҳокимлари бош вазир Ўткир Султоновга эмас, унинг ўринбосари Исмоил Жўрабековга мурожаат қилишарди.

Исмоил Ҳакимович Жўрабеков ҳам шундай одам эди. Бош вазир ўринбосари бўлса ҳам ҳукумат раиси ҳал қиладиган масалаларни ҳал қилиб юбораверар эди. Жуда кўп кузатганман: вилоят ҳокимлари бош вазир Ўткир Султоновга эмас, унинг ўринбосари Жўрабековга мурожаат қилишарди. Яъни ўша пайтда давлат раҳбари ёнида Бош вазир эмас, унинг ўринбосари Исмоил Жўрабеков бўлган”.

Раҳбарларидан кучли бўлган Қаюм Ҳаққулов билан Исмоил Жўрабековларни эслаган Муҳаммаджон Обидов Очилбой Раматовни уларга ўхшатмади:

“Мен Раматовни олдинги ўринбосарларга таққосламаган бўлардим. Унинг ўзига белгиланган вазифалари бор. Лекин у барибир Бош вазирга тобе, Бош вазирнинг топшириқларини бажаради. Муҳокамалар чоғида, айниқса селекторлар чоғида Бош вазир Раматовга танбеҳ ҳам бераяпти, рағбатлантираяпти ҳам, топшириқ ҳам беряпти. Бундай ҳолатни селектор йиғилишларида қатнашиб кўряпман. Шу кунда Бош вазирдан кейин шаклланган ёрқин ўринбосар бор деб айта олмайман”.

Стратегик вазифани бажармаган Бош вазир

Сапарбой Жубаев
Сапарбой Жубаев

Сапарбой Жубаев куни кеча “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини ўрганганини, унда режалаштирилган кўп ишлар амалга оширилганини, бироқ айнан Бош вазир ва у бошқараётган ҳукуматга юклатилган муҳим стратегик вазифа бажарилмай қолганига эътибор қаратганини айтди:

“Ҳаракатлар стратегияси режаси президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йили қабул қилинган эди. Ўша режани яқинда қараб чиқдим. Минтақавий ҳамкорлик бўйича кўп ишлар бажарилибди. Чегаралар очилди, савдо ривожланяпти, конвертация очилди. Лекин банкларни ва йирик корхоналарни хусусийлаштиришга оид режалар бажарилмай, пайсалга солинмоқда. Бу соҳадаги ишлар Бош вазир Ариповга, у бошқараётган ҳукуматга юклатилган. Менимча, бу Арипов ҳукуматининг катта камчиликларидан биридир”.

XS
SM
MD
LG