Қирғизистонда яна бир собиқ Бош вазир - Ўмурбек Бабанов қамоққа олинди

Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Ўмурбек Бабанов.

Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Ўмурбек Бабанов Канада ширкати томонидан ишлатиладиган “Қумтор” олтин кони бўйича шартнома тузишда коррупцияга йўл қўйганликда айбланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 31 май куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълум қилди. Бабановнинг яқинлари ёки адвокатлари ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.

Жорий йил февралида “Қумтор” олтин конини ишлатаётган Канада ва Қирғизистон ҳукумати ўртасида тузилган шартномани ўрганган давлат комиссияси раиси, депутат Акилбек Жапаров “Канада ширкати билан енг ичида келишиб, Қирғизистоннинг манфаатларига зид келувчи шартномани имзолашда иштирок этган ҳукумат амалдорларини жазолаш”ни талаб қилган эди.

Жорий йилнинг 14 майида парламент Қирғизистондаги энг катта “Қумтор” олтин конини сиртқи бошқарувга ўтказган эди. 7 майда Бишкек шаҳар Октябрь туман суди конни ишлатаётган Канаданинг “Центерра Голд” ширкатини экологик қонунчиликни бузганликда айбдор деб топган ва 261 миллиард 719 миллион 674 минг қирғиз сўми миқдорида жаримага тортган.

Ўмурбек Бабановдан олдин 2020 йилда Қирғизистоннинг собиқ Бош вазирлари - Сапар Исақов ва Жантўрў Сатибалдиев, 2021 йилнинг бошида Кубаничбек Жумалиев ҳам коррупцияда айбланиб қамоққа олинган эди.