Ўзбекистонлик репер San Jay: Телевидениега чиқолмайман, "сабаб соқол"

San Jay видеомурожаатида соқолини олмаслигини ҳам айтади.

San Jay тахаллуси билан танилган 41 яшар ўзбекистонлик хонанда Санжар Жовбердиев Ўзбекистон президентига видеомурожаат билан чиқиб, соқоли сабаб телевидениега чиқаолмаётгани, концерт дастурларига ҳам рухсат ололмаётганини айтди.

8 октябр куни Youtube каналига жойлаган видеомурожаатида San Jay жумладан бундай дейди:

- "Ўзбекконцерт"дан лицензияни олганимга бир йил бўлди. Мен бу лицензия билан телевидениега чиқолмайман, сабаб "соқол" дейишади. Конституция бўйича ҳуқуқларим бузиляпти. Чунки Конституцияда ўзбек фуқароси соқол қўйишга ҳаққи йўқ деб ёзилмаган, - дейди ашулачи.

Лекин, San Jay видеомурожаатида соқолини олмаслигини ҳам айтади.

- Соқолим кимгадир ёқмаётган бўлса кечирим сўрайман. Лекин соқолимни олмайман. Айтингларчи, ўзбек авлодимиздан ўтган буюклардан бирортаси соқолсиз бўлганини биласизми? Бирортасини айтингларчи, ким соқолсиз бўлган, - дейди ашулачи.

Қўшиқчи 2016 йили Россиядан қайтиб келганидан кейин илк бор Ўзбекистон шоу-бизнес оламида ўз ижодини 2018 йили намоëн қилган.

Санжар Жовбердиев шоир Усмон Азим шеърига басталанган “Карвон” рок балладасини жамоатчиликка тақдим қилган эди.

San Jay нинг президентга мурожаати Ўзбекистонда соқол қўйган эркаклар ва ҳижобли хотин-қизларга қарши кампания бораётган бир пайтда айтилди.

Озодлик ашулачининг соқоли сабаб тақиққа учрагани ҳақидаги иддаоси юзасидан Ўзбекистон телевидениесидан ҳам, "Ўзбекконцерт" уюшмасидан ҳам изоҳ ололмади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳам San Jay нинг мурожаатига муносабат билдирмади.