Хитой расмийлари 13 ноябрь куни демократ Жо Байденни АҚШ президенти сайловидаги ғалабаси билан табриклади.
“Биз Америка халқи танловини ҳурмат қиламиз”, дея билдирган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэнбин Пекин Байден билан бир қаторда сайланган вице-президент Камала Харрисни ҳам қутлашини қайд этди.
Айни пайтда ХХР ТИВ вакили АҚШдаги сайлов натижалари ҳали “қонунчиликка мувофиқ равишда” тасдиқланиши лозимлигини ҳам таъкидлади.
Ўтган ҳафта охирида АҚШдаги етакчи оммавий ахборот воситалари президент сайловида Жо Байден ғалаба қозонганини хабар қилган эдилар.
Аввалроқ Хитой ТИВ Байденнинг сайловда ғолиб бўлганига оид баёнотни шунчаки “маълумот сифатида қабул қилгани”ни билдирганди.
АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп сайловда ғалабани бой берганини тан олгани йўқ ва овоз бериш натижалари қайта кўриб чиқилиши учун қатор штатларда судга мурожаат қилган. Трамп муваффақиятга эришиши учун судлар Байден ғолиб деб топилган бир неча штатдаги овоз бериш натижаларини бекор қилиши лозим.
Хитойга қарши туриш Трампнинг президентлик фаолияти давомида энг асосий ташқи сиёсий векторлардан бири бўлган. Унинг маъмурияти Хитойдан келадиган кўп товарларга бож тўлови жорий қилган, Пекин ҳам АҚШга худди шундай жавоб қилган. Ҳонконгда норозилик намойишлари бостирилиши ортидан Қўшма Штатлар хитойлик қатор расмийларга қарши санкциялар жорий қилган. Трампнинг ўзи Хитойни коронавирус (АҚШ президенти уни “Хитой вируси” деб атаган) тарқалишининг олдини олишда етарли чора кўрмаганликда айблаган. АҚШ Давлат котиби Майк Помпео эса Хитой компартиясини замонавий дунёнинг “энг асосий хатари” деб атаган. Пекин ҳам Вашингтонга кескин жавоблар берган.
Сайловолди кампанияси чоғида Трамп Байденни ғалабаси Хитой учун фойдали бўлган номзод, дея баҳолаган. Демократлар бу баҳони рад этганлар. Байденнинг ўзи Хитойни АҚШнинг асосий “рақобатдош”и деб атаган. Россияга нисбатан эса у “мухолиф” сўзини қўллаган.
Аввалроқ Трамп маъмурияти америкаликларга Хитойнинг ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғлиқ ширкатларига инвестиция киритишни тақиқлаб қўйганди. Бу тақиқ Huawei, China Mobile ва China Telecom каби телекоммуникацион ширкатларга ҳам дахлдордир.