Дональд Трамп 15 ноябрь куни ўз Твиттер саҳифасида АҚШдаги президентлик сайлови “сохталаштирилгани” тўғрисида далил-исботларга асосланмаган баёнотларни беришда давом этди.
Трамп бир неча штатда судларга қилган мурожаати қаноатлантирилмаганига қарамай, судларга сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан мурожаат қилишда давом этишини айтди.
Трамп ўз твитларида овоз бериш натижаларини бекор қилиш йўналишидаги фаолият энди бошланаётганини, бу борада аввал судларда кўриб чиқилган аризалар унинг командаси томонидан берилмаганини билдирди.
“Бизнинг 2020 йилги сайловлар конституцияга зид бўлганини исботловчи жиддий аризаларимиз тез орада судларга тақдим этилади”,-деб ёзди Трамп.
Трамп ўз твитида Жо Байден сайлов ғолиби бўлганини тан олди, аммо кейинроқ у Байденга қарши курашни давом эттириши ҳақида билдирди.
“У фақат сайлов натижалари сохталаштирилгани ортидан ғолиб бўлди”,-деб ёзди Трамп.