Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди 24 июль куни 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадорликда айбланиб судланган 5 нафар собиқ божхоначини оқлади.
1999 йилда чиқарилган суд ҳукмидан норози бўлган собиқ божхоначилар орадан 22 йил ўтиб Тошкент вилояти судига аппеляция шикояти билан мурожаат қилган эди.
1999 йилда улар Жиноят кодексининг 208-моддаси (давлат органи мансабдор шахсининг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслик) бўйича айблов қўйилган эди.
Ўшанда уларнинг барчаси суд ҳукми билан 3 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ амнистияга тушган ва тайинланган жазони ўташдан озод қилинганди.
1999 йил 16 февралда Тошкентдаги Мустақиллик майдони яқинида портлашлар содир этилган. Портлашларда расман 13 киши ҳалок бўлгани, юздан ортиқ одам жароҳатлангани билдирилган.
Ўшанда президент Ислом Каримов портлашларни диний экстремистлар томонидан уюштирилган террор ҳаракати деб баҳолаганди.
Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Тошкентдаги 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадорликда айбланиб, юзлаб кишилар озодликдан маҳрум этилган.
Кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари феврал портлашлари аслида ҳукуматнинг сиёсий мухолифларини йўқ қилишига қўл келганини таъкидлашади.