Тожикистон ҳукумати АҚШ президенти Жо Байденнинг гапларига норозилик билдириб, Вашингтонга норозилик нотаси топширди.
Байден 11 сентябрь куни Пенсильвания штатида сўзлаган нутқида Кобулдан эвакуация қилиш вақтида АҚШ учоқларининг шассиларига осилиб, самолёт ҳавога кўтарилгач ерга қулаган афғонларни эсга олди.
Нутқи давомида Байден: “Агар биз Тожикистонга С-130 самолётини қўндириб, бизни ёқтирганлар самолётга чиқсин десак, ўшанда ҳам шассига ёпишган одамларни кўрган бўлардингиз”, -деб айтди.
Байденнинг бу гапига норози бўлган Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 14 сентябрь куни АҚШнинг Душанбедаги элчисига нота топширди. АҚШ элчихонаси ҳозича норозилик нотаси юзасидан муносабат билдирмади.
15 августда Толибон Кобулни эгаллаб, Афғонистон устидан назоратни ўз қўлига олга эди. Шундан сўнг Толибоннинг ўч олишидан қўрққан минглаб афғонлар мамлакатни тарк этиш мақсадида Кобул аэропортига йиғилган. Улардан айримлари парвозга шайланган АҚШ учоқларининг қанотлари ва шассиларига осилиб, самолёт ҳавога кўтарилгач, ерга қулаб ҳалок бўлган.