Асакада 9 ёшли қизни ўлдирганликда айбланаётган Асрорахон Ҳамдамова суд ҳукми билан оқлангани тўғрисида ўз манбаларига таянган ҳолда “Кун уз” хабар берди.
"Айбланувчи ўз кўрсатмасида ИИБ ходимлари унга руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказгани, қийноқларга чидай олмай 9 ёшли гўдакни ўлдиришдек мудҳиш жиноятни бўйнига олишга мажбур бўлганини айтган”,-дейилади хабарда.
Озодлик радиоси 2020 йилнинг 2 июлида 23 яшар асакалик аëл Андижон вилоят, Асака туман Кужган МФЙ Мўдай маҳалласида содир бўлган қотилликда гумонланиб 1 июль куни қамоққа олингани ҳақида мақола эълон қилган эди.
Ўшанда Озодлик билан суҳбатда гумонланувчининг яқинлари¸ 3 ойлик чақалоқнинг онаси бўлган ëш аëл¸ қаттиқ босим ва қўрқитиш орқали “иқрор” ҳақидаги хатга қўл қўйиб бергани ва қотилликни ëш она содир қилганига ишонмаслигини билдирганди.
Асакада 2020 йилнинг 21 июнь куни 9 яшар қиз жасади ўз уйида қонга беланган ҳолда топилгани, унга пичоқ билан 16та зарба берилгани хабар қилинган.
Суд жараёнида экспертларнинг қизча ўлдирилишидан олдин зўрланганини, қиз ўлдирилган хонада 4 нафар номаълум шахснинг бармоқ излари топилганини, аммо бу бармоқ изларидан бирортаси судланувчига тегишли эмаслиги тўғрисидаги далиллари эътиборга олинган.
“А.Ҳамдамова Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан айбли деб топилиб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, унга қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилинган ва суд залида қамоқдан озод этилган”,-дейилади “Кун уз” хабарида
Айни пайтда суд аёлни қотилликда айблаб, унга нисбатан “асосиз равишда жиноят иши очган” ички ишлар ходимларига нисбатан қандай ажрим чиқаргани тўғрисида маълумот йўқ.