Сирдарё вилоятининг Мирзаобод ва Янгиер туманларида Telegram орқали экстремистик материалларни тарқатишда гумонланган 20 киши қўлга олингани тўғрисида вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.
Расман билдирилишича, гумонланувчилар Ички ишлар бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати 16 июнда ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир доирасида ушланган.
Қўлга олинган гуруҳ Telegram орқали экстремист ва террорчи ташкилотларни тарғиб қилувчи аудио ва видеоларни тарқатиб келганликда гумонланмоқда.
Ички ишлар бошқармаси тарқатган хабарга гуруҳ аъзолари уйи тинтув қилинганида топилгани иддао қилинаётган тўппонча ва оптик мўлжалга олиш ускунаси бўлган милтиқ сурати ҳам илова қилинган.
Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси 15 июнда Ғаллаорол туманида Сурия Араб Республикасида террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” таркибига қўшилишни режалаштираётган гуруҳ қўлга олингани ҳақида маълум қилганди.
Июнь ойининг бошларида эса Самарқандда Сурияга кетмоқчи бўлган 14 киши ушлангани расман билдирилган.