Самарқанд вилоятида “34 кишига коронавирус юқтиргани” айтилган врачга нисбатан жиноят иши бекор қилинди. Бу ҳақда 18 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Врач устидан жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1- қисми («Санитарияга оид қонун ҳужжатлари ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш») билан қўзғатилган. Ушбу модда асосида 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Агар бу ҳолат одам ўлимига сабаб бўлса, у ҳолда 20 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
ССВнинг 18 май кунги хабарида айтилишича, шифокор Х.Д.,га нисбатан жиноят иши асоссиз қўзғатилган, деб ҳисоблаган соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Бош прокурорга жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масаласининг кўриб чиқилишини сўраб мурожаат йўллаган.
“Бош прокуратура мазкур жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш жараёнида Х.Д.,га нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, синчковлик билан ўтказилмасдан, барча ҳолатлар тўлиқ текширилмасдан, шошма-шошарлик билан барвақт жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини аниқлаган”, дейилади хабарда.
Шунга асосан, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Х.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор Бош прокуратура томонидан бекор қилинган.
Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати 14 май куни Самарқанд вилоятидаги туман касалхоналаридан бирида бўлим мудири бўлиб ишлаган шифокор 34 та одамга коронавирус юқтирганликда айбланаётганини ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилган эди.
Вилоят прокуратураси ўшанда 20 апрелдан 27 апрелга қадар уй шароитида яширинча ўзини ўзи даволаган врач турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 кишига вирус юқтирганини, улар орқали коронавирус яна 23 кишига юққанини иддао қилган эди.
Шу хабардан пайдо бўлган саволни сарлавҳага чиқардик ва уни OzodNazarнинг бугунги суҳбатдоши профессор Рустам Нуриддиновга бердик.
Суҳбат давомида Тожикистонда коронавирус билан боғлиқ вазият кундан кунга мураккаблашиб кетаётгани сабаблари ҳақида ҳам сўз бўлди.
Суҳбатдошимиз вирус билан боғлиқ вазият яқин кунларда қай томонга ўзгариши мумкинлиги юзасидан ҳам ўз қарашларини ўртоқлашди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди