Ташиев: Қирғизистон собиқ президентлари “Қумтор” олтин кони масаласида қамоққа олиниши мумкин

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев.

“Қумтор” олтин кони юзасидан очилган жиноят иши доирасида Қирғизистоннинг собиқ президентлари ҳам қамоққа олиниши эҳтимол. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Жалолобод шаҳрида журналистлар билан учрашуви чоғида маълум қилди.

“Қумтор масаласида ҳеч қандай сиёсий қувғин йўқ. Биз жиноятга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаб, жазога тортишимиз лозим. Биз ўз ишимизни бажараяпмиз. Бош вазирлар, парламент раислари, депутатлар, катта амалдорлар бу ишларга алоқадор. Бундан ташқари, биз айрим собиқ президентларни ҳам мазкур иш доирасида жиноий жавобгарликка тортамиз, чунки улар бунга тўғридан-тўғри алоқадор”,-деди Ташиев.

1 июнь куни “Қумтор” олтин конини ишлатиш юзасидан Канаданинг “Центерра Голд” ширкати билан Қирғизистон манфаатларига зид келувчи шартномани тузишда ва коррупцияга алоқадорликда гумонланиб Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Ўмурбек Бабанов, парламентнинг собиқ раиси, собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбеков, парламент депутати Тўрўбай Зулпукаров, собиқ депутатлар исхоқ Пирматов ва Таланбек Узакбаев қўлга олинган эди.

Бундан ташқари “Қумтор” масаласида собиқ Бош вазирлар Игорь Чудинов ва Темир Сариевлар сўроқ қилинган.