Монополияга қарши курашиш қўмитаси 18 ноябрь куни UzAuto Motors иши бўйича Тошкент шаҳар маъмурий суди қарори устидан аппеляция шикоятини киритган. Бу ҳақда Газета.uz нашри қўмита матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Мазкур суд 30 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг UzAuto Motors иши бўйича шу йил 19 августида чиқарган қарорини ҳақиқий эмас, деб топгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAuto Motors эътирозига сабаб бўлган қарорига мувофиқ, ширкат енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирган. Қўмита комиссияси ўз қарори билан UzAuto Motors зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган.
Тошкент шаҳар маъмурий суди қарорида жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасидан аризачи “UzAuto Motors” АЖ фойдасига шикоят келтиришда тўланган давлат божи 2 миллион 230 минг сўм ва 20 минг сўм миқдорида почта харажатлари ундириш белгилангани ҳам қайд этилган.