Швейцариянинг Граубюндене шаҳридаги Амалий фанлар олий мактаби олимлари "π" (Пи) сонини аниқлаш бўйича янги жаҳон рекорди ўрнатди.
Айлана узунлиги, доира юзи, айланма жисмлар ҳажмини ҳисоблашда қўлланиладиган мазкур сон энди 62,8 триллионта рақамдан иборат. Бу рақамларнинг сўнгги 10 таси -7817924264.
“Пи” сонининг янги аниқламасидаги рақамлар сони 2020 йилдаги рекорддан 12,8 триллионга кўпдир. 2020 йилда мазкур сонни аниқлаш бўйича ўрнатилган рекордда 50 триллионта рақам мавжуд эди.
Швейцариялик олимлар ўта қувватли компьютерлар воситасида "π"нинг янги аниқламаси учун 108 кун ва 9 соат сарфладилар. Бу эса 2020 йилда ўрнатилган рекорд учун сарфланган вақтдан 3,5 баробар оздир.
Тақрибий қиймати 3,14 бўлган "π" сонининг янги аниқламаси бўйича рекордлар деярли ҳар йили ўрнатилади. Бироқ илм-фан учун бу катта аҳамиятга эга эмас.
Янги аниқламадан асосан компьютерларни тестдан ўтказиш, алгоритмлар тузиш ва математикадаги тадқиқотларда фойдаланилади.