Ўзбекистон таълим тизимида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб янги мажбурий предмет – Табиий (Science) фанлар жорий этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, табиий (Science) фанлар айни вақтда Ўзбекистон мактабларида ўқитиб келинаётган 1-2-синфда “Атрофимиздаги олам”, 3-4-синфларда “Табиатшунослик”, юқори синфларда эса 4 та алоҳида фан, яъни география, биология, физика (6-синфдан бошлаб), кимё (7-синфдан бошлаб) фанларини ўзида бирлаштиради.
“Табиий (Science) фанларнинг афзалликлари ва аҳамияти шундан иборатки, фан орқали ўқувчи оламнинг яхлит, ажралмас, бир бутунлигини англайди, илмий дунёқараши шаклланади, тадқиқотчилик кўникмалари ривожланади. Натижада PISA, TIMSS каби халқаро тадқиқотларда муваффақиятли иштирок этиш имконияти кенгаяди”, дейилади хабарномада.