Давлат Думаси Россия матбуотига киришни чеклаётган хорижий ижтимоий тармоқларни блок қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлайди. Мазкур қонун лойиҳаси 19 ноябрь куни парламентнинг ҳар икки палатаси депутатлари томонидан муҳокама учун қабул қилинди.
Қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқлари, жумладан, Россия фуқаролари ҳуқуқларини бузган ахборот ресурси эгаси деган янги атамани жорий этиш таклиф қилинади. Интернет ресурс инсон ҳуқуқларини бузишга алоқадор кўрилса, у ҳолда Бош прокуратура Ташқи ишлар вазирлиги ва Роскомнадзор билан ҳамкорликда интернет ресурсни қисман ёки тўлиқ блок қилиш масаласини ҳал қилади.
Депутатларнинг билдиришларича, шу кунга қадар ижтимоий тармоқларда Россиянинг RT, "РИА Новости" ва "Крим 24" каби давлат нашрлари “дискриминация қилингани тўғрисида 20дан ортиқ факт мавжуд”. Қонун муаллифлари бу ҳолатни цензура сифатида баҳолашган.
Аввалроқ Роскомнадзор YouTube, Facebook ва Twitter тармоқларини Россия нашрларига чекловлар ўрнатганини танқид қилган эди. Жумладан, Роскомнадзор YouTube "России-1" телеканалининг Бесландаги мактаб террорчилар томонидан босиб олиниши тўғрисидаги фильмига ёш чеклови ўрнатганини цензура деб атаган.
Роскомнадзор Facebook, Google ва Twitter тармоқларига Россия матбуотини маркировка қилмаслик талаби билан бир неча марта сўров юборган.