Британия COVID-19га қарши Pfizer-BioNTech вакцинасини қўллаган биринчи мамлакат бўлди

Британияда бу вакцина кейинги ҳафтадан бошлаб қўлланилади.

Британия COVID-19га қарши АҚШнинг Pfizer ширкати Германиянинг BioNTech ширкати билан ишлаб чиққан вакцинасини қўллаган биринчи мамлакат бўлди. Британия бу вакцина кейинги ҳафтадан бошлаб ўз ҳудудида қўллана бошланишини билдирди.

Британия Бош вазири Борис Жонсон: “Бу одатий ҳаёт тарзига қайта олишимиз учун ташланган илк фантастик қадам бўлди”,-деб айтди.

Pfizer бош директори Альберт Бурла Британия “тарихий қарор” қабул қилганини олқишлади.

Pfizer ва BioNTech Европа Иттифоқи ва Британия мувофиқлашитрувчи органларига ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш илтимоси билан 1 декабрда ариза топширган эди. Аввалроқ ширкат худди шундай илтимос билан АҚШ ҳукуматига мурожаат қилган.

30 ноябрда эса бу икки ширкат рақобатчиси бўлган Moderna ширкати коронавирус инфекциясига қарши ўзи ишлаб чиқарган вакцинани рўйхатга олиш илтимоси билан АҚШ ва ЕИ расмийларига мурожаат қилганди.

АҚШнинг Moderna ширкати ўз вакцинаси 94,1 фоизлик самара кўрсатганини билдирган. BioNTech ва Pfizer ўзлари ишлаб чиқарган вакцина 95 фоиз самара кўрсатганини иддао қилганлар.

Дори-дармонлар бўйича Европа агентлиги (EMA) 29 декабрда BioNTech ва Pfizer вакцинасининг хавфсизлиги ва самарадорлиги юзасидан махсус йиғилиш ўтказишини билдирди.