Бир сутка электрсиз яшашга мажбур бўлган музработликлар исён кўтарди (ВИДЕО)

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан скриншот.

Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги маҳаллалардан бирининг аҳолиси электр қуввати таъминотидаги узилишларга қарши исён кўтарди.

Telegram’даги “Эхо Узбекистана” ва “MILITSIYA UZB | Расмий канал”да 27 декабрда тарқатилган маълумотларда айтилишича, Музработ тумани “Оби ҳаёт” маҳалласида деярли бир сутка давомида чироқ бўлмаган. Бунинг ортидан маҳалла аҳолиси норозилик сифатида маҳалладан ўтувчи автомобиль йўлини тўсиб қўйган ва йўлнинг ўртасига автомобиль шиналарини жойлаштириб, уларга ўт қўйган.

Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиши биланоқ Сурхандарё вилоят ҳокимлиги расмий баёнотни эълон қилди.

Баёнотда айтилишича, 27 декабрь куни Сурхондарё вилояти Музработ тумани “Оби ҳаёт” маҳалласида яшовчи фуқаролар электр қуввати таъминотидаги узилишдан норози бўлиб, кўчада балон ёққан.

Вилоят ҳокимиятининг билдиришича: “25 декабрь куни маҳалла ҳудудидаги 630 кВА кучланишга эга трансформаторнинг ишдан чиқиши оқибатида электр таъминотида узилиш юзага келган. 26 декабрь куни бу ерга қуввати 400 кВА кучланишга эга бошқа трансформатор ўрнатилган. Аммо совуқ об-ҳаво туфайли электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши натижасида ушбу ускуна ҳам ишдан чиққан.25 декабрь куни маҳалладаги қуввати 630 кВА трансформаторнинг ишдан чиқиши оқибатида 26 декабрь куни қуввати 400 кВА бошқа трансформатор ўрнатилган. Аммо электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ортиши натижасида у ҳам ишдан чиққан”.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, “Оби ҳаёт” маҳалласидаги 545 та хонадондан фақат 165 та хонадоннинг электр таъминотида узилиш бўлган.

“Муаммони бартараф этиш мақсадида 27 декабрь куни 630 кВА кучланишга эга янги трансфрматор ўрнатилиб, аҳоли электр энергия билан таъминланган”, - дейилади хабарда.