АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден амалдаги президент Дональд Трамп ҳокимиятни топшириш бўйича ўтиш даврида ҳамкорлик қилмаса, коронавирусдан ўлганлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини билдирди.
Байденга кўра, Трамп маъмурияти коронавирусга қарши вакцина юзасидан маълумотларни ўртоқлашиши лозим.
“Агар бу борадаги фаолиятимизни мувофиқлаштирмасак, коронавирусдан яна кўпроқ одам ўлиши мумкин”,-деб билдирди Байден 16 ноябрь куни ўтган матбуот анжуманида.
3 ноябрда ўтган президентлик сайлови натижаларини асоссиз равишда тан олишдан бош тортаётган Дональд Трамп коронавирусга қарши вакцина бўйича маълумотларни сайланган президентга тақдим этишни хоҳламаяпти.
Трамп унга берилган овозлар “ўғирлангани”ни иддао қилган ҳолда, бу борада бирорта далил-исботни келтира олмаяпти.
АҚШда айни кунларда кунига камида 130 минг киши коронавирусга чалинмоқда. Ҳафта охирида АҚШда коронавирусдан ўлганлар сони 250 мингга етиши тахмин қилиняпти.
АҚШ коронавирусга чалинганлар ва ўлганлар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринда бормоқда.
Аввалроқ АҚШдаги иккита ширкат ўзлари яратган коронавирусга қарши вакцина 90 фоиздан ортиқроқ самара бергани тўғрисида баёнот билан чиққан эди. Ширкатлар бир неча ҳафтадан сўнг вакциналарни тарқатиш мумкинлигини маълум қилган.