АҚШ президенти Жо Байден Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали суҳбатлашди.
Жорий ҳафтада АҚШ президенти Биринчи жаҳон уруши пайтида Усмонли империяси томонидан арманларнинг қирғин қилинганини геноцид деб тан олишга ҳозирланаётгани ҳақида тахминлар юзага келди. Бундай қарор Анқарани ғазаблантириб, АҚШ ва Туркия ўртасидаги зиддиятни янада кучайтиришини кутиш мумкин.
Аммо Оқ уй ва Туркия президенти маъмурияти 23 апрель куни суҳбат ҳақида эълон қилган баёнотда бу масала тилга олинмади.
Бунга қарамасдан, Reuters агентлиги суҳбатдан хабардор бўлган манбаларга таянган ҳолда Байден Эрдўғонга арманларнинг оммавий қирғини ва мажбурий депортациясини геноцид деб тан олиш нияти борлигини айтгани ҳақида хабар берди.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Жалина Портер журналистларга:
«Арман геноциди ҳақида гап кетар экан, бу ҳақда эртага эълон кутишингиз мумкин», - деди
Шу ҳафта бошида матбуотда Байден 24 апрель куни «геноцид» атамасини ишлатиши ҳақида хабар тарқади. 24 апрель куни бутун дунё бўйлаб арманлар геноциди қурбонлари хотирланади.
Reuters манбаларига кўра, АҚШ президенти НАТО аъзоси Туркия билан икки томонлама алоқаларнинг муҳимлигини ҳисобга олиб, сўнгги дақиқада «геноцид» атамасини ишлатиш фикридан қайтиши мумкин.