Ангрендан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг 184 километрида 24 май куни соат 9:30да содир этилган автоаварияда 5 киши ҳалок бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, "МАН" русумли юк автомобили бошқарувини йўқотиб, ағдарилиб кетган. Юк автомобили ағдарилиш жараёнида “Ласетти”, “Кобальт”, “Жентра”, “Нексия-3”, “Матиз”, “Нексия-3” ва “Ласетти” каби 7та енгил автомобиль билан тўқнашган. Тўқнашувдан сўнг “Ласетти” русумли автомобил ёниб кетган.
Автоаварияда 5 киши воқеа жойида вафот этган ҳамда 4 киши турли даражадаги тан жароҳати олган. Тан жароҳати олган фуқаролар Ангрен шаҳар Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
“Воқеа жойига Тошкент вилояти ФВБ ва Ангрен шаҳар ФВ бўлими, ИИБ, Прокуратура ва ССБ ҳамда тезкор-тергов гурухи ходимлари чиқишган. Содир бўлган ЙТҲ юзасидан дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.
Ўзбекистон йўлларидаги автоҳалокатлар мамлакатнинг энг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.
Расман билдирилишича, 2021 йилнинг дастлабки 4 ойида автоаварияларда 557 киши ҳалок бўлган, 1684 киши жароҳатланган.