Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг 9 августдаги қарори билан “Aziz-ayol.uz” ягона интерактив миллий платформаси доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро электрон ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур низом билан “Aziz-ayol.uz” ягона интерактив миллий платформасининг асосий вазифалари белгиланган.
Миллий платформа орқали, жумладан, вазирлик ва идоралардан хотин-қизлар билан боғлиқ маълумотлар тезкор йиғилиши ва реал вақт режимида таҳлил қилиниши таъминланиши, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этишга ёрдам берилиши ҳамда аёлларнинг ўз ҳуқуқлари таъминланиши бўйича мурожаат қилишлари учун қулайликлар яратилиши кўзда тутилган.
Миллий платформанинг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги шуғулланади.
Қайд этилишича, вазирлик сўровига асосан давлатнинг бошқа орган ва ташкилотлари Миллий платформага жамланиши лозим бўлган маълумотларни тақдим этишади.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони”га тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёллар билан мулоқот қилиш ҳамда шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш масалалари бўйича келиб тушган мурожаатларга 24 соат ичида тезкор муносабат билдириш амалиёти йўлга қўйилади.