Зеленский: Россия 1 июндан 300 минг ҳарбийни урушга сафарбар қилмоқчи

Украина президенти Владимир Зеленский финляндиялик ҳамкасби Александр Стубб билан, Киев, 2024 йил 3 апрели

Украина президенти Владимир Зеленский Россия 1 июнга бориб қўшимча 300 минг ҳарбийни урушга сафарбар қилиш ҳозирлик кўраётганини билдирди. Бу ҳақда у 3 апрель куни Киевга ташриф буюрган Финляндия президенти Александр Стубб билан ўтказилган қўшма матбуот анжумани чоғида маълум қилди.

Зеленский Украинадаги мобилизация режалари ҳақида, жумладан қанча одам армияга чақирилиши хусусидаги саволга жавоб берди. Украина президенти аниқ рақам айтмади, бироқ аввалроқ айтилганидек, 500 минг нафардан кўра камроқ бўлишини қайд этди. “Бизга ярим миллион одам керакмас”, деди Зеленский.

У Россия Украина билан урушга сафарбарликнинг янги тўлқинини эълон қиладими ёки 300 минг одам бошқа йўллар билан жалб қилинадими — бунга аниқлик киритган эмас.

Россияда қисман сафарбарлик 2022 йилнинг сентябрь ойида эълон қилинган, расмий маълумотларга кўра, ўшанда 300 минг одам армияга чақирилган. Урушга сафарбар қилинганлардан ўлмай қолганлари ҳалигача фронда юришибди. Гарчи бугунги кунда фаол сафарбарлик тадбирлари ўтказилмаётган бўлса-да, мобилизацияга оид фармон ҳалигача амалда. Сўнгги йилда Россия тарафида урушаётганлар фаол равишда шартнома асосидаги хизматга ёлланган, шунингдек, маҳкумларни урушга ёллаш давом этган. Бунинг натижасида, расмий маълумотларга кўра, армия сафига яна 300 мингдан зиёд одам қўшилган.

Учинчи апрель куни Россия Мудофаа вазирлиги жорий йил бошидан буён шартнома асосидаги ҳарбий хизматга 100 мингдан зиёд одам киргани ҳақида билдирган. Шунингдек, 1 апрелдан баҳорги чақириқ бошланган ва мазкур тадбир давомида 150 минг киши муддатли ҳарбий хизматга чақирилади. Шу ўринда муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган яна шунча одам демобилизацияга тушишини ҳам қўшимча қилиш жоиз.

Россиялик расмийлар ҳарбий сафарбарликнинг янги тўлқинига ҳозирлик кўрилаётганини рад этишмоқда. Мудофаа вазирлигига яқин кўрилган Давлат думаси депутати Андрей Картаполов Зеленскийнинг баёнотига изоҳ бераркан, “бизга мобилизация керак эмас”, деган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса: “300 минг кишини армияга сафарбар қилишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги хабар тўғрими?” деган саволга “Тўғри эмас”, дея жавоб берган.

Украинада ҳозирда ҳарбий сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур ҳужжат мобилизация жараёнини тартибга солишга қаратилган. Яқинда Зеленский армияга чақириқ ёшини 25 гача пасайтириш ҳамда ҳарбий хизматга чекланган йўсинда яроқли бўлганлар тоифасини бекор қилиш кўзда тутилган қонунларни имзолаган. Янги тартиб армияга янги аскарлар қўшилишига ёрдам бериши кутилаётгани айтилмоқда.