Европарламент “Вагнер гуруҳи”га қарши санкциялар жорий этишни маъқуллади

Европарламент 25 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида хусусий ҳарбий ширкатлар (ХҲШ) жангчилари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишини қораловчи резолюцияни маъқуллади.

Ҳужжатда “Вагнер ХҲШ” номи илан машҳур тузилма ва “унинг Россия давлати билан алоқалари”га алоҳида эътибор қаратилган, деб ёзди “Немис тўлқини”.

Резолюция қабул қилинишини депутатлардан 585 нафари ёқлаган, 40 нафар депутат қарши овоз берган, яна 43 киши бетараф қолган.

Резолюция матнида айтилишича, Европарламент вакиллари “Россиянинг “Вагнер гуруҳи” ҳарбийлашган ташкилоти ва унинг хусусий ҳарбий тузилмалари томонидан турли можаро ҳудудларида амалга оширилган даҳшатли жиноятларни ўта кескинлик билан қоралайди”.

“Европарламент ушбу ҳарбийлашган гуруҳларнинг молияланиши, ҳарбийча таълим олиши, уларга раҳбарлик ва оператив қўмондонлик қилишга Россия давлати жавобгарлигини тасдиқловчи салмоқли далиллар инобатга олади”, дея урғуланган ҳужжатда.

Евродепутатлар фикрича, “Вагнер ХҲШ” ва бошқа хос ҳарбийлашган пудратчиларга “Россия давлати ишонч билдирган ва унинг манфаатларига хизмат қилувчи ташкилотлар” деб қараш лозим. Шу муносабат билан улар Кремлни мамлакат фуқароларига ёлланма жангчи сифатида қуролли можароларда қатнашишни ман этувчи РФ Жиноят кодекси 359-моддаси талабларини бажаришга чақиришган.

“Вагнер ХҲШ” Россия президентига яқин тадбиркорлардан бири, “Путиннинг ошпази” сифатида машҳур Евгений Пригожин номи билан боғланади.

Ширкатнинг ёлланма жангчилари 2014 йилдан бери Украина, Сурия, Судан, Мозамбик, Ливия, Марказий Африка ва Венесуэладаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.

Россия ҳукумати ХҲШлар фаолиятига алоқадорлигини инкор этиб келади.