Ҳолландияда жойлашган Yandex N.V. ширкати ўз бизнесини сотиш бўйича инвесторлар консорциуми билан битим тузди. У Калининград вилоятида рўйхатдан ўтган “Яндекс” акциядорлик жамияти номли халқаро ширкат эгалигига ўтмоқда.
Акцияларни эса “Консорциум.Первый” ёпиқ пайчилар инвестиция фонди олади. Консорциум иштирокчилари – Россия “Яндекс”ида қолган топ-менежерлар, улар орасида Россиянинг собиқ молия вазири Алексей Кудрин ҳам бор.
Қолганлар – “Лукойл”, венчур инвестор Александр Чачава, “Инфинитум” депозитарийси бош директори Павел Росс ҳамда “Газпром” бошқаруви раисининг собиқ муовини, инвестор Александр Рязановга тегишли турли тузилмалар. Назорат пакети биринчи босқичда уларнинг ҳеч бирига насиб қилмаса керак.
Озодлик рус хизматининг иқтисодий таҳлилчиси, публицист Максим Блантнинг ёзишича, янги хўжайинларнинг аксари (балки “Лукойл”дан ташқари) вақтинчалик одамлар эканига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Улар манфаатли таклиф бўлиб қолса, ўз улушларини сотадилар. Ширкат эса, қўлдан-қўлга ўтиб туриши билан боғлиқ барча ҳолатларга қарамай, ҳануз фойда келтира олади. Бироқ энди у тамом бошқа ширкатга айланади, даромад манбалари ҳам бутунлай бошқа бўлади.
Мавзуга алоқадор “Яндекс” Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди“Яндекс” асосчиси Аркадий Волож ҳамда ҳолланд ширкати акциядорларига нима тегади? Битимнинг эълон қилинган қиймати – 475 миллиард рубл ёки тахминан 5,25 млрд доллар. Бу маблағнинг бир қисми Yandex N.V.нинг консорциум иштирокчиларига тегишли акциялари билан, қолгани эса пул билан тўланади, пул бўлганида ҳам Хитой юанида.
Ҳолланд ширкати ҳиссадорлари, жумладан хорижлик акциядорлар зарарини тасаввур қилиш учун “душман” мамлакатлардаги ширкатлар ўзларининг Россиядаги активларини асл баҳосидан камида 50 фоиз чегирма билан сотишлари мумкинлигини эслаш кифоя. Мазкур ҳолатда шу қоида амал қиляпти. Қолаверса, битим сотувчи бюджетга 10 фоиз комиссия тўлашга рози бўлганидан кейингина маъқулланди.
Июл ойи охирига қадар Yandex N.V. ўз номини ўзгартириши ва “Яндекс”нинг барча брендларидан фойдаланишни тўхтатиши лозим. Даставвал, ширкат бўлиниши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганида Волож бир қанча бўлимларни ўзида сақлаб қолиб, уларни чет элда ривожлантириши айтилганди. Бироқ пировардида унинг Исроил ва бошқа мамлакатларда фаолият юритувчи тузилмаларига фақат 2024 йил охиригача амал қиладиган вақтинчалик лицензиялар бериладиган бўляпти. Шу вақт ичида улар ўз кодларига ўтиши керак.
Волож ҳозирдаёқ тўрт йўналишни Россиядан четда ривожлантирмоқда, булар: булутли технологиялар, ҳайдовчисиз транспорт, сунъий интеллект ҳамда дастурчилар учун онлайн таълим йўналишларидир. Уларда асосан, “Яндекс”нинг Россияда қолишни истамаган собиқ ходимлари ишлайди. Исроилдаги тўрт стартап битта тузилмага бирлашиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агар мақсад нисбатан тор сегментга ихтисослашган стартапни сотиш эмас, балки йирик Ай-Ти-ширкат яратиш бўлса, бунақа бирлашувда маъно бор. Лекин бу ширкатнинг, агар у ростдан ҳам пайдо бўлса, эски “Яндекс”га ҳеч бир дахли бўлмайди.
Россияда қолган “Яндекс”нинг истиқболига келсак, у мамлакатдаги асосий “қидирувчи” бўлиб қолиши ва “Яндекс-погода”, “Яндекс-карты” ёки “Яндекс-еда” каби сервисларга эътибор қаратиши турган гап. Номдор ширкат чет элдаги “ишончсиз пайчилар”дан қутулиб, давлат буюртмаларига оғзи тегади ва Ғарбнинг дастур ва иловаларидан кўчирган маҳсулотларини Россия дастурий таъминоти дея бюджетни “ўзлаштириш”га ўтади.
Давлатнинг барча идоралари ва стратегик муҳим тузилмалари Россия дастурлари ва иловаларидан фойдаланиши шарт, бинобарин “Яндекс” пулдан қийналмайди. Жумладан, Мудофаа вазирлиги ва бошқа кучишлатар идоралар ҳам унга буюртмалар бериб туриши аниқ. “Яндекс”нинг Россияда ҳайдовчисиз транспорт соҳасида қилган барча ишланмалари тез орада ҳарбийлар қўлига ўтишига шубҳа қилманг. Бу ишлар давом этади. Мақсадлар бир оз ўзгаради, лекин пул масаласида муаммо бўлмайди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ички хавфсизлик ва ўзгача фикрловчиларга қарши кураш билан шуғулланувчи идора эса ушбу “масъулиятли” вазифаларни бажариши учун зарур иловаю сервисларни такомиллаштиришни сўрайди. Текинга эмас, албатта. Ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда “фитна” ҳидини сеза оладиган нейротармоқлар яратиш бўйича ҳам буюртмалар бўлиши табиий. “Яндекс”да блоглар бўйича қидирув аллақачон бор, демак бу вазифани бажариш қийин бўлмайди. Бир марталик хизмат вақти келиб мустаҳкам ўзаро алоқаларга айланади...
Аммо “Яндекс”дан ёрқин ишланмалар ва инновацион янгиликларни кутмаган маъқул. Жамоанинг бўлиниши ва қатор сервисларнинг сотиб юборилиши ширкатнинг креатив салоҳиятига ўнглаб бўлмас шикаст етказди. Шундай экан, дунё танийдиган “Яндекс” бора-бора – ҳеч ким катта иш қилишини кутмайдиган маҳаллий ва ўртамиёна конторага айланади. Унинг асосий буюртмачилари погон таққанлар бўлади.