Президент Владимир Путин Россия интернет гиганти “Яндекс”ни ҳозирги эгаларидан сотиб оладиган харидорлар рўйхатини маъқуллади. Унга кўра, “Яндекс” миллиардерлар Владимир Потанин, Алексей Мордашов, Вагит Алекперов ва ВТБ давлат банки томонидан бўлиб олинади. Бу ҳақда ўз манбаларига таянган ҳолда “Медуза” ва The Bell хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, потенциал харидорлар рўйхатини 17 май куни Путинга “Яндекс”нинг корпоратив ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Алексей Кудрин тақдим этган.
Кейинги ҳафтада консорциум аъзолари таркиби, уларнинг улушлари ва харид нархи “Яндекс”директорлар кенгашининг Дубайда ўтадиган йиғилишида муҳокама этилади. Шундан сўнг ширкат акционерлари ҳам розилик беришлари лозим бўлади.
The Bell нашрининг ёзишича, “Яндекс” кўпи билан 7,6 миллиард долларга сотилиши мумкин. Украина билан урушга қадар унинг нархи деярли 30 миллиард долларни ташкил қилган эди.