Ўзбекистондаги нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари 2030 йил 1 январига қадар барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан озод қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни имзолаган “Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда шу каби имтиёзлар белгиланган.
Жумладан, нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида фаолият юритаётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўламайди.
Шунингдек, хусусий боғча ва мактабларнинг четдан келтирган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотлари, ўқув ва илмий-методик адабиётлари, анжомлар ва моддий-техник ресурслари учун божхона тўловлари олинмайди (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно).
2025 йил 1 январидан эътиборан қуйидаги енгилликлар ҳам жорий этилмоқда:
• нодавлат таълим ташкилотларига доимий жалб этиладиган хорижий мутахассисларга “А-2” ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади;
• хориждан жалб қилинган мутахассисларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома бериш йиғим миқдори БҲМнинг 30 бараваридан 1 бараваригача камайтирилади;
• нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог ходимлари малакасини оширишни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби жорий этилади.
Масъул вазирликларга бир ой муддатда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга мазкур қарорда назарда тутилган солиқ имтиёзларини тақдим этиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш юкланган.
Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда аҳоли ўсиши туфайли мактабларда йилига 120 мингта, боғчаларда эса 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келмоқда.
2025 йили бюджетдан ажратиладиган 3 триллион 200 миллиард сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча реконструкция қилиниши ва янгилари қурилиши маълум қилинган.
Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармасининг 50 миллион доллар маблағи доирасида кейинги 4 йилда 200 та хусусий боғча қурилиши режалаштирилган.