Хитой “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин Афғонистонга расман янги элчи тайинлаган биринчи мамлакат бўлди.
Хитой элчиси 13 сентябрь куни Кобулдаги расмий маросимда “Толибон” шакллантирган ҳукумат бош вазирига ишонч ёрлиғини топширган. Айни пайтда, Reuters агентлиги қайдича, элчи тайинланиши Хитойнинг “Толибон” ҳукуматини расман тан олганига ишорат бўлиб-бўлмагани ҳозирча аниқ эмас.
“Бу Афғонистондаги элчининг нормал ротацияси бўлиб, бу иш Хитой ва Афғонистон ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттириш учун қилинди. Хитойнинг Афғонистонга нисбатан сиёсати аниқ-равшан ва изчилдир”, дея билдирган Хитой ТИВ вакили.
Толиблар Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олганидан буён ўтган икки йил ичида дунёдаги мамлакатлардан биронтаси у шакллантирган ҳукуматни расман тан олган эмас.
“Толибон” ҳаракати дунёдаги кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган.