Хитой давлат банклари АҚШ Россияга қарши санкцияларни бузганларга иккиламчи чекловлар қўллашини билдиргани ортидан россиялик мижозларига хизмат кўрсатиш шартларини оғирлаштиришга қарор қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, сўнгги ҳафталарда Хитойнинг камида икки йирик банки Россиядаги бизнесини, биринчи галда – трансчегаравий операциялар ва россиялик мижозларни молиялаш устидан текширув бошлаган. Тафтиш натижаларига кўра санкциялар рўйхатига киритилган ширкатларга хизмат кўрсатиш ва Россия мудофаа саноати комплексига молиявий хизматлар тақдим этиш тўхтатилмоқда.
Мазкур чоралар Россияда бизнес юритаётган ёки учинчи мамлакатлар орқали Россияга товарлар етказиб бераётган чет эл ширкатларига ҳам қўлланмоқда, деган Bloomberg манбалари.
Хитойнинг энг йирик давлат банклари илгари иккиламчи санкцияларга йўлиқишдан ва долларда операцияларни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум бўлишдан чўчиб, АҚШнинг Эрон ва КХДРга қарши чеклов чораларига риоя қилиб келган.
Пекин Украинага босқинга жавобан Россияга қарши жорий этилган санкцияларга расман қўшилган эмас. Бироқ чекловлар киритилганидан сўнг Хитой банклари санкцияга учраган россиялик мижозлар билан ишлашни камайтирди. Хусусан, санкция рўйхатига тушган Россия банклари томонидан чиқарилган Хитойнинг Union Pay тўлов тизими карталари хорижда ишламай қўйди.
2023 йилнинг ёзида эса Россия молия ташкилотлари Европа ва АҚШга Bank of China орқали пул ўтказмаларини амалга оширишда тақиққа дуч келди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Хитой банклари Россиядаги бизнесини тафтиш қилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бераркан,
Хитойнинг санкцияларга риоя қилиши масаласи Кремл ваколатларига кирмаслигини айтди. Песков Москванинг Пекин билан молиявий операцияларни амалга ошириш учун муқобил режалари борми ёки йўқми, деган саволга ҳам жавоб бермади, деб ёзади “Интерфакс”.
Хитой Россия учун – энг йирик хомашё бозори (экспортнинг 32 фоизи) ва асосий товарлар таъминотчисидир (импортнинг 41 фоизи).
Москва билан Пекиннинг ўзаро яқинлашуви Ғарб лидерларида хавотир уйғотмоқда. АҚШ разведкасига кўра, Хитой Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда кўмаклашмоқда ва Украинага қарши урушда қўллаш учун ҳарбий ва ноҳарбий технологияларни у билан бўлишаётган бўлиши мумкин. Хитой эса бетарафлигини ва урушаётган томонларга қурол сотмаслигини бир неча бор иддао қилди.
Декабрда Вашингтон ва Лондон санкцияларни яна бир карра кенгайтириб, санкцияланган товарларни Россияга етказиб беришда иштирок этган Хитой, Туркия, Сербия, БАА ва Ўзбекистон ширкатларини “қора рўйхат”га қўшди.