Волгоград вилоятининг Суровикино шаҳридаги 19-жазо колонияси 23 август оқшомига бориб Жазони ўташ федерал хизмати ва Росгвардиянинг махсус топшириқларни бажарувчи отряди ходимлари томонидан штурм қилинди. Қамоқхонада гаровга олинганларнинг барчаси озод қилинган, ҳужумчилар зарарсизлантирилган.
19-колония бир гуруҳ маҳкумлар томонидан эгаллаб олингани, улар колония ходимларидан саккиз нафарини гаровда ушлаб турганлари ҳақида аввалроқ хабар қилинган. Маълумотларга кўра, гаровдагиларнинг тўрт нафари ҳалок бўлган, яна тўрт нафарига тан жароҳати етказилган.
Бу воқеа ҳақида хабарлар чиқа бошлаганида куч ишлатар тузилмаларга яқин телеграм-каналлар колонияда тасвирга олингани тахмин қилинаётган видеони ёйинлашган. Видеода колония эгаллаб олинганини айтган тўрт киши ўзларини “Ислом давлати мужоҳидлари” деб аташган. Видеода тўрт киши гаровга олинганини кўриш мумкин. Уларнинг ҳаммаси Жазони ўташ федерал хизмати (ЖЎФХ) кийимида бўлиб, улардан уч нафари, афтидан, ўлдирилган, тўртинчиси эса бўйнидан яраланган. Ҳужумчилар пичоқлар билан қуролланган эди.
Россия нашрлари колонияга ҳужумда гумонланаётганларнинг исмларини очиқлашган, улардан икки нафари Ўзбекистон, яна икки нафари Тожикистон фуқаролари экани айтилган. Хабарларга кўра, улардан уч нафари гиёҳванд модда тарқатганлик, бири эса киши соғлиғига қасддан оғир шикаст етказганлик учун судланган.
Колонияни эгаллаб олганлардан бири ўзи ёзган видеороликда ЖЎФХ ходимлари мусулмонлар ҳуқуқларини бузиб келганини айтган. “Мусулмонларга зулм қилган ва қийнаганларни ўлдирдик. Улар кимнингдир китобларини, кимнингдир жойнамозини олиб қўйган. Биз ҳам уларга худди шундай муомала қилдик, ҳеч кимга шафқат қилинмади”, деган видео муаллифи.
Кейинроқ куч ишлатар тузилмаларга яқин бўлган Mash ва Shot телеграм-каналлари колониянинг бутун ҳудуди ЖЎФХ назорати остига олингани, ҳужумчилар зарарсизлантирилгани ҳақида хабар қилишди. Каналлар иддаосича, ҳужумчилардан бири штурм чоғида ўзини портлатиб юборишга уринган. Қўлбола портлаш мосламаси ўрнатилган камзул кийиб олган бу шахснинг детонатори ишламай қолган ва у махсус топшириқ бажарувчи отряд ходимлари томонидан отиб ўлдирилган.
РБК ҳужумчилардан бири ўлдирилгани, яна бири яралангани ҳақида ёзмоқда. Бироқ Росгвардия матбуот хизмати исёнчиларнинг тўртови ҳам ўлдирилганини маълум қилган.