Россиянинг Волгоград вилояти Суровикино шаҳрида маҳкумлар 19-жазо колониясини эгаллаб олишган. Мазкур қамоқхонада интизом комиссияси мажлиси ўтаётган эди. Ҳодиса чоғида бир неча киши ҳалок бўлган.
Куч ишлатар тузилмаларга яқин телеграм-каналлар колонияда тасвирга олингани айтилаётган видеони ёйинлашди. Видеода колонияни эгаллаб олган тўрт киши акс этган, улар ўзларини “Ислом давлати мужоҳидлари” деб аташмоқда.
Видеоёзувда тўрт киши гаровга олинганини кўриш мумкин. Уларнинг ҳаммаси Жазони ўташ федерал хизмати (ЖЎФХ) кийимида бўлиб, улардан уч нафари, афтидан, ўлдирилган, тўртинчиси эса бўйнидан яраланган. Ҳужумчилар пичоқлар билан қуролланган. Айрим телеграм-каналларда иддао қилинишича, ҳужумчиларнинг икки нафари ўзбекистонлик, яна икки нафари тожикистонликдир.
Қамоқхона эгаллаб олинганини ЖЎФХнинг минтақавий бошқармаси тасдиқлаган. Бошқарма вакиллари “гаровдагиларни озод қилиш бўйича чора-тадбирлар олиб борилаётгани”ни маълум қилишган. Қамоқхонада қанча киши гаровга олингани номаълум.
“База” нашри колония раҳбари Андрей Девятов дохил беш нафар гаровдаги шахс қочишга муваффақ бўлганини иддао қилмоқда. Хабарда Девятовнинг реанимацияда экани айтилган.
Life ва “Сапа Кавказ” нашрлари колонияга полициянинг махсус топшириқни бажарувчи отряди вакиллари олиб келингани ҳақида хабар қилишган. “Сапа Кавказ” хабарида айтилишича, колонияни эгаллаб олган маҳкумлар ўзларига 2 миллион доллар миқдорида пул ва вертолёт берилишини талаб қилишмоқда. Нашр бу маълумот олинган манбани очиқлаган эмас.
Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Жазони ўташ федерал хизмати марказий аппарати гуруҳи воқеа жойига йўл олган.