27 январдан бери ўзбекистонлик 3 мингдан ортиқ зиёратчи Умра сафаридан қайта олмай Саудия Арабистонидаги меҳмонхона ва аэропортларда сарсон бўлди.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси зиёратчиларнинг вақтида қайтолмагани учун масъулиятни Умра зиёратини ташкил этиш тартибини бузган хусусий компанияларга юклади.
7 февраль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Умра зиёратини ташкил қилиш тартибини бузган хусусий ширкат раҳбари ушланганини маълум қилди. Маҳаллий нашрлар бу Panorama airways ширкати масъули эканини хабар қилмоқда.
Озодлик гаплашган зиёратчиларга кўра, сарсон бўлганларнинг аксари Panorama airways ширкати билан учгани рост, аммо бу муаммонинг бошқа сабаблари ҳам бор.
Январь ойида бир ёш боласи билан Умрага борган андижонлик ёш аёлга кўра, улар 27 январь куни қайтиши керак эди.
Айтишича, оиласи Умра сафари учун пакетни Gulbahor airways ширкатидан сотиб олган.
“27 январга тайёргарлигимизни кўрдик. Шундан кейин 28 кетамиз, 29 кетамиз, деб чўзишни бошлашди. Биз ўзимиз йўтал, томоғ оғриқ, касал бўлдик. Қўлимиздаги бола қизамиқ бўлиб, иссиғи 40 даражага чиқиб кетяпти. Врачимиз йўқ. Бизнинг гуруҳда врач, деб кўрсатишган бола ёрдам беролмади. Энди медбратлиги шундай кўриниб турибди-да. Дўхтирга борайлик, десак: “Болани касалхонада олиб қолишади, биз исталган пайтда учишимиз мумкин”, дейишди. 10 кун касал болани ушлаб меҳмонхонада ўтирдик. Охири, “Билет олиб учаверинглар, қачон кетишимиз аниқмас”, деб ёрилишди. Ўзимиз билет олиб, унда ҳам жанжал-тўполон билан 5 февраль куни қайтдик. Ҳозир бола оғирлашган, ўзимизда ҳам йўтал ўпкага ўтиб кетган”, дейди исмини сир сақлаган андижонлик зиёратчи.
Gulbahor airways ва Panorama airways сайёҳлик ширкатлари билан Умрага борган яна ўнлаб зиёратчидан ҳам Озодликка айни мазмунда шикоятлар келди, ҳануз келишда давом этмоқда.
Озодлик гаплашган зиёратчиларга кўра, ҳануз Саудиядан қайта олмай, сарсон юрганлар кўп. Айримлар юзлаб, айримлар минглаб, демоқда. Қайта олмаётган зиёратчилар аниқ сони ҳақида расмий маълумот Озодликда йўқ.
Panorama airways ширкати билан Умрага зиёратчи йўллаган фарғоналик элликбошининг Озодликка айтишича, ушбу ширкат самолётларининг Тошкентдан парвози январь ойининг охиридан тўхтаб қолган.
“Panorama airways”нинг самолётларини Тошкентдан учирмай қўйишди, дейишди бизга. Бугун боради самолёт, эрта боради, деб туришди. Бу ёқдан сафари тугаганлар кўпайиб кетаверди. Бизни меҳмонхонадан ҳам чиқинглар, турфирмани тўлаган пули тугаган, бу ёғига пул тўламаяпти, дейишиб. Баъзи меҳмонхоналар зиёратчиларни чиқарворди, баъзилар овқат билан свет беришни тўхтатишиб, росса қийин бўлди. Зиёратчилар келиб бизга ёпишади, биз бўлса, нима бўлаётганини билмаймиз. Одамларни тинчитинглар, ана-мана, деб ушлаб ўтиришди-да. Охири, 2 февралдан қайтаришни бошлашди”, деди фарғоналик элликбоши. У ҳам шахси очиқланишини истамади.
Айни муаммога шу кунларда Ўзбекистондан Саудия Арабистонига учиши керак бўлган зиёратчилар ҳам дуч келган.
Сафарга чиққанлар аэропордан уча олмай, кунлаб Тошкентда қолиб кетаётгани ҳақида ҳам Озодликка кўплаб мурожаатлар келди.
Жумладан, шундай зиёратчилар орасида бўлган блогер - шоу-бизнес хабарларини бериб борадиган Жасур Ҳамроев ижтимоий тармоқда жонли ёйин қилди ва у ҳам айнан Panorama airways ширкати номини тилга олди.
Panorama airways ширкати Саудия Арабистонида қолиб кетган зиёратчилари юзасидан 2 февраль куни баёнот берди.
Баёнотда вазиятга “бир қанча кутилмаган вазиятлар” сабаб бўлгани айтилди, аммо тафсилотлар очиқланмади:
“Яқинда содир бўлган бир қанча кутилмаган вазиятлар туфайли Panorama airways парвозлар жадвали ва умумий операциялари сезиларли даражада ишдан чиқди. Мижозларимизга келтирилган ноқулайликлар учун чин дилдан узур сўраймиз”.
Кейинроқ ушбу ширкат 2-5 февраль кунлари 3 мингдан ортиқ йўловчисини Ўзбекистонга қайтарганини маълум қилди.
Gulbahor airways ширкатининг баёноти эса 6 февраль куни пайдо бўлди:
“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан текширувлар олиб борилаётганлиги сабабли сизларга шуни маълум қиламизки “Гулбаҳор аirwайс” компанияси ўз иш фаолиятини 15 февралдан давом эттиради. Умра сафарига кетган йўловчиларнинг қайтиши бўйича “Panorama airways” авиакомпанияси офисига мурожаат қилишингизни сўраймиз!”
Gulbahor airways ширкати нега ўз мижозларининг қайтишини бошқа хусусий ширкатга юклаётгани сабабларини очиқламади.
Ҳар икки ширкат Озодликнинг бу борадаги мурожаатларини жавобсиз қолдирди.
Gulbahor airways ширкати билан Умрага борган ва 6 февраль куни ҳам Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридан учган ўзбекистонлик зиёратчилардан бири уларга ҳам муаммосини Panorama airways ширкати билан ҳал қилиш айтилганини билдирди:
“Энди эшитсак, Гулбаҳориям, Панорамасиям битта одамга тегишлимиш. Устидан тергов боряпти, Панорамани бошлиғини олиб кириб қўйишди, дейишди. Лекин, биз нима қилайлик, айтинг?! Бизни 5 февраль куни Мадинага олиб келиб ташлашди. Куни билан аэропортда турдик. Қандли диабети бор онахонлар, отахонлар кўчаларда ўтиришди, пули йўқ, оч, дориси йўқ. Охири 6 февраль куни учдик. Билет ҳам ким биринчи олса, деб берилди. Ур-йиқит бўлиб кетди”.
7 февраль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси фуқароларни Умра сафарига олиб бораётган бир хусусий ширкатнинг бир мулозими қўлга олинганини маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси томонидан ватандошларимизни Умра сафаридан қайтариш чораларини кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авиакомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган”.
Прокуратура “ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш”и олдини олиш учун бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини билдирди.
Аммо маҳаллий нашрлар, хусусан Gazeta.uz нашри бу шахснинг Panorama airways мулозими экани ҳақида ёзди.
Бош прокуратуранинг ушбу нашрга билдиришича, бу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 192−11-моддалари (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирча на Gulbahor airways ёки Panorama airways сайёҳлик ширкатлари ва на расмий идоралари тафсилотларини тўлиқ очиқламаётган бу можаронинг, Озодлик манбаларига кўра, комплекс сабаблари бор.
Зиёратчиларини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати орқали Умрага юбораётган хусусий ширкатлардан бири эгасининг Озодликка айтишича, сўнгги ойларда Умра зиёратини таклиф қилаётган хусусий ширкатлар бозорида нархни арзонлаштириб, мижозларни тўплаш учун фавқулодда ажиотаж кузатилган:
“Ҳозир билган ҳам, билмаган ҳам Умрага одам жўнатадиган бўлиб олди. Масалан, Панорама компаниясида 4 та самолёт бор эди, ижарага олинган билишимча. Уларнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” олдида, Саудия Арабистони томонида тўлов мажбуриятлари йиғилиб қолган. Кейин эшитишимча, буларга мижоз олиб келадиган сайёҳлик компанияларидан баъзилар пулини бермай йўқолиб ҳам қолган. Хуллас, бу ширкат бозорда нархларни демпинг қилишни бошлади, кўпроқ пул ишлаб, қарзлардан қутулиш учун. Натижада, бизга ўхшаган конкурентлар ҳам зарарга кирдик. Уларда эса пирамида пайдо бўлган. Эшитишимча, охири бу компанияни Тошкентнинг энг катта бизнесмени сотиб олган, қарзлари билан. Одамларниям ўша бизнесмен олиб чиқяпти, деб эиштидим мен”.
Саудияда сарсон бўлган ёки Ўзбекистондан кетолмаётган Умра зиёратчилари можароси марказидаги Panorama Airways ширкати 2021 йилда ташкил этилган.
Илк парвозини эса 2022 йилнинг 22 декабрида Тошкент — Урганч — Тошкент йўналишидан бошлаган эди.
6 февраль куни Ўзбекистон Туризм қўмитаси Ўзбекистондан Умра сафарини ташкил қилаётган қатор хусусий ширкатлар огоҳлантирилгани ҳақида баёнот берди.
Баёнотда, жорий йил август ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор тилга олинган.
Ушбу қарор билан Умрага зиёратчи юбораётган ширкатлардан 100 минг AҚШ долларидан кам бўлмаган маблағни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш талаб қилинган эди.
“Aфсуски хозирги пайтда айрим “тадбиркорлар” томонидан Умра тадбирларини амалга оширишда етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлмай, “Умра” лицензиясини олмасдан фуқароларимизнинг ишончига кириб, ноқонуний равишда ишлаб келиши учрамоқда. Туризм қўмитаси томонидан бундай маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилмоқда”, дея огоҳлантирди Туризм қўмитаси.
Туризм қўмитаси қатор хусусий ширкатлар - Fayz tour travel, Maryam travel-agency, Mahbub tour, Ramazan travel sayohat сайёҳлик ширкатларини огоҳлантиргани, Хurmo travel umra ширкати фаолиятини 10 кунга тўхтатганини маълум қилди.