Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонаси Умрага борган ўзбекистонлик зиёратчилар ватанига қайта олмаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.
Умрага борган ўзбекистонликлар ватанига қайта олмай сарсон бўлаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик радиоси хабар берганди.
Консулхона Умра сафари хусусий сайёҳлик компаниялари томонидан ташкил этилганини таъкидлаган ҳолда: “Мазкур ҳолат авиақатновларни амалга оширишдаги техник носозликлар, шунингдек, туристик компанияларнинг бу каби сафарларни ташкил этишда зарурий малака ва тажрибага эга эмаслиги туфайли юзага келган”, деб баёнот берди.
Расман билдирилишича, ҳозирда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан биргаликда ватандошларни қайтариш бўйича барча чоралар кўрилмоқда, қўшимча рейслар жадвали тузилди.
Консулхона зиёратчиларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилганини, қолганлар ҳам "яқин фурсатларда" Саудиядан уйларига етказилишини маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамаси 2023 йил 8 августда “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилганди. Мазкур қарорга асосан Ўзбекистонда 2023 йил 1 ноябрдан маҳаллий туроператорларга муайян талаб ва шартлар асосида Умра уюштиришга рухсат берилган эди.
Қарорга мувофиқ, Умра хизматларини кўрсатмоқчи бўлган туроператорлар қўшимча лицензия олиш учун аввало 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиши лозим бўлади.
Туроператорлар Умра хизмати кўрсатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан шартнома тузиб, идоранинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисини зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб тайинлаши керак.
Бундан ташқари, Умра хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши лозим.
Шунингдек, Умра хизматларини Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш талаб этилади.
Ҳукумат қарорида 2023 йилнинг 1 октябридан Умра хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилиши қайд этилган.