Би-би-си ва "Медиазона" волонтёрлар кўмагида олиб бораётган ҳисоб-китоб натижасида Украина урушида ҳалок бўлган камида 45 123 нафар Россия ҳарбийсининг исми аниқланди.
Уларнинг учдан икки қисми Украина уруши бошлангунига қадар армияга алоқадор бўлмаган шахслар: кўнгиллилар, мобилизация қилинганлар, собиқ маҳкумлар ва хусусий ҳарбий ширкатлар томонидан ёлланганлар. Исми аниқланган 5406 нафар мобилизация қилинганларнинг 80 фоизи урушнинг иккинчи йилида ҳалок бўлган.
Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми Краснодар ўлкаси, Свердлов вилояти, Бошқирдистон Республикаси ва Челябинск вилоятида яшаган.
2023 йилда журналистлар томонидан Украина урушида ўлган 27 906 рус ҳарбийсининг исми аниқланган. Бу эса Украина уруши бошланган 2022 йилдаги кўрсаткичдан 57 фоизга кўпдир.
Донецк вилояти туманлари, жумладан, Авдеевкага ҳужум бошланган 2023 йилнинг февралидан 2024 йил февралигача мазкур фронт чизиғида тадқиқотчилар камида 6614 рус ҳарбийси ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Журналистлар қурбонларнинг шахсини маҳаллий ҳокимликлар, матбуот, ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қабристонлардан олинган очиқ маълумотлар асосида аниқлаган. Тадқиқотчилар нуқтаи назарича, қурбонлар сони бу рақамдан камида икки баробар кўп бўлиши эҳтимол.
Москва ва Киев урушда ҳалок бўлган аскарлар сонини ошкор қилмай келмоқда. Урушаётган томонлар ўзларининг ютуқларини бўрттириб кўрсатиш ва мағлубиятини яширишга мойил бўлади.
Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, Би-би-си ва "Медиазона" волонтёрлар кўмагида олиб бораётган ҳисоб урушдаги қурбонлар сонини аниқлаш йўналишидаги энг муҳим мустақил манба сифатида кўрилади.