Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани суди 3 ёшли болани ваҳшийларча ўлдиришда айбланаётган фуқаро С.М.га нисбатан очилган жиноят ишини кўриб чиқмоқда.
Kun.uz нашрининг хабар қилишича, суд-психиатрия экспертизаси судланувчини ақли расо ва руҳий соғлом деб топган.
Навбатдаги суд мажлисида гувоҳлик берган психолог-эксперт судланувчи ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вақтда физиологик аффект ҳолатида бўлмаганини таъкидлаган.
Психиатр-эксперт ҳам фуқаро С.М. 2024 йил 28 августидан 10 сентябригача суд психиатрия-экспертиза бўлимида текширувдан ўтгани, текширув давомида унда ҳеч қандай руҳий бузилиш ҳолатлари аниқланмаганини айтган.
Судда тергов якунланиб, томонлар музокара қисмига ўтган. Ишни кўриб чиқишда 29 ноябргача танаффус эълон қилинган.
Суд терговида марҳумнинг ота-онаси қотилга умрбод қамоқ жазоси беришни сўраган.
Жорий йилнинг 9 июль куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 30 ёшли эркак қонуний никоҳсиз яшаб келган хотини билан жанжаллашув ортидан аёлнинг биринчи турмушидан бўлган 3 яшар ўғлини чавақлаб ўлдиргани тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Судланувчи С.М. – 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган, муқаддам судланган. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш каби моддалари бўйича айблов эълон қилинган.
Тергов хулосасига кўра, С.М. муқаддам кучли таъсир қилувчи моддаларни олиш, сақлаш, ташиш ва ўтказиш жиноятлари учун жазо ўтаб чиққан, лекин қилмишидан тўғри хулоса чиқармай, сурункали равишда кучли таъсир қилувчи ва гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиб келган.