Сўнгги кунларда Туркманистонда интернетга кириш чекловлари кучайтирилди. Кузатувчилар ҳукуматнинг интернетни блоклашга қаратилган ҳаракатларини мамлакат тараққиётига ғов бўлиш, дея баҳолашмоқда.
Озодлик радиосининг туркман хизмати 28 июлда ҳатто илгари муаммосиз ишлаб турган Хитой ва Туркиянинг онлайн-савдо сайтлари ҳам очилмай қолганини хабар қилди. Жорий чекловлар Ашхободдаги чет давлатлар элчихоналари сайтларига ҳам татбиқ этилмоқдаки, эндиликда уларни VPNсиз очиб бўлмаётир.
“Хорижий мамлакатлар элчихоналари сайтлари очилмаяпти. Хусусан, Россия Федерацияси элчихонасининг сайти кўпчиликка жуда керак”, - дейди интернетнинг тўсилиши билан боғлиқ вазиятдан хабардор манба.
“Онлайн тижорат сайтларидан ташқари, аудиокитоблар, мусиқа, ўйинлар, кинофильмлар юклаб олиш мумкин бўлган интернет ресурслар ҳам ишламаяпти, об-ҳаво иловаларини ҳам очиб бўлмай қолди ҳаттоки”,- давом этади Озодлик суҳбатдоши.
Унинг айтишича, айни пайтда мобил телефонлар иловаларини янгилаш имконсиз, сўнгги пайтларда ҳатто электрон почталарга хат қабул қилингани ҳақида хабарномалар ҳам келмай қўйган.
“Туркманистон хроникаси” нашри хабарига кўра, тармоққа кириш 23 июлдан бошлаб қийинлашган, алоқа ўта беқарорлиги кузатилмоқда, илгари бемалол фойдаланиш мумкин бўлган серверлар ва VPN дастурлари эса ишламай қолган.
26 июлда “Turkmen.news” нашри Туркманистонда блоклаб қўйилган йирик серверлар, хостинглар ва веб-сервислар рўйхатини эълон қилди. Улар орасида Amazon WebServices (AWS), Azure (Microsoft), Google Cloud Platform (GCP), GoDaddy ва бошқа кўплаб машҳур хостинглар бор.
Қолаверса, мустақил нашр маълумотига кўра, Туркманистонда Facebook, Instagram, Twitter, YouTube, Whatsapp, Telegram ва Signal сингари мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар; Call of Duty: Warzone, Clash of Clans, Counter-Strike: Global Offensive, Fortnite, Minecraft, Roblox, Among Us ва бошқа қатор онлайн ўйинлар тўсиб қўйилган.
Аввалроқ Чикаго ва Мэриленд университетларининг (АҚШ) ахборот технологиялари бўйича экспертлари Туркманистонда 122 мингдан зиёд интернет-домен блокланганини аниқлаган эди.
Мустақил “Turkmen.news” нашри яқинда вазиятдан огоҳ ўқувчиларига телеграм-канали орқали мурожаат қилиб, уларни мамлакатда интернет цензура қилиш ташаббусчилари ва ижрочилари бўлмиш мулозимлар ва техник ходимларга доир маълумотларни таҳририятга жўнатишга чақирди ва бу маълумотларни жамоатчиликка ошкор қилмоқчи эканини билдирди.
Нашр бош муҳаррири Руслан Мятиев Озодлик билан суҳбатда глобал коммуникациялар асрида интернетга қарши уруш эълон қилган туркман ҳукумати мамлакат ва миллий иқтисодиёт ривожига тўғаноқ бўлмоқда, дея фикр билдирди.
“Туркманистон киберхавфсизлик хизмати сўнгги блоклашлари билан интернетга уруш эълон қилди”,- дейди журналист.
Сўнгги бир неча йилдан бери Туркманистон ҳукумати мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқлари рақамлаштирилгани ҳақида тинимсиз мақтанади. Яқинда эса, янги Арқадағ шаҳрига “ақлли шаҳар” мақоми бериш билан ҳукумат мақтанчоқликда янги маррани забт этди. Ҳолбуки, янги шаҳар очилиши ортидан мамлакатда интернет оммавий блоклана бошланди.
“Ҳозир Туркманистонда интернет деярли йўқ, ҳеч нима очилмайди, интернетда на почтани текшириб бўлади, на об-ҳаво маълумотларини ўқиб, ижтимоий тармоқлар эса тақа-тақ берк. “Туркмантелеком” ширкати эса ишламайдиган интернет хизмати учун одамлардан барибир ойига 150 дан 280 манатгача тўлов ундирмоқда”, - дейди куюниб Руслан Мятиев.
Интернетга кириш имконияти қаттиқ чекланиши хорижда юрган туркман фуқаролари билан уларнинг ватандаги қариндошларини бир-бирларидан узиб қўймоқда.
Руслан Мятиев хориждаги ОТМларда ўқиш учун ҳужжат топширишга уринаётган туркманистонликлар, чет элдаги мижозларга хизмат кўрсатувчи маҳаллий ширкатлар ҳам интернетга қарши урушдан жабр кўришаётганини урғулади.
“Киберхавфсизлик хизмати интернетга қарши кураш олиб бораркан, ҳамма нарсани блокламоқда. Бу ишлар ортида аниқ одамлар, техник мутахассислар, мансабдорлар турибди”,- дейди журналист.
Унга кўра, “Turkmen.news” бошлаган кампания ана шу одамларни жамоатчиликка танитиб қўйишга қаратилган.
Нашр интернетни цензура қилишга масъул шахсларга доир маълумотларни юборишга чақириғини 26 июл куни ўз телеграм-каналида эълон қилган эди. Мурожаат шундай сўзлар билан якунланади: “Бизда баъзи маълумотлар бор. Бизга шунақа маълумотлар базасини яратишга ёрдам беринг! Туркманистон ўз “қаҳрамон”ларини номма-ном билиб, башараларини таниб олиши керак!”
Туркман журналисти айтишича, чақириқ эълон қилинганидан бир неча кун ўтар-ўтмас интернетни чеклашга бош-қош бўлган расмийлар, техник мутахассисларга доир маълумотлар кела бошлаган.
Мятиев Туркманистонда интернет ёппасига блокланишини терроризмга менгзаб, ҳукуматнинг бу ҳаракатлари аҳолини электр ва ичимлик суви таъминотидан маҳрум этиш билан баб-баравар, дейди.
2019 йил сентябрда Туркманистонда “Киберхавфсизлик тўғрисида” қонун қабул қилинган, “Туркменарагатнашик” агентлиги таркибида Киберхавфсизлик хизмати ташкил қилинган эди. Туркман давлат ОАВлари мазкур хизматнинг асосий вазифасини “давлат ва фуқароларнинг кибермакондаги хавфсизлигини таъминлаш”, дея тушунтиради. Бироқ “Turkmen.news” бош муҳаррири ушбу хизмат амалда фуқароларни глобал тармоқдан иҳоталаш билан шуғулланаётганини айтади.
“Буни террорчилик деб аташ мумкин, чунки улар алоқани узиб қўйиб, одамларни ўз яқинлари билан мулоқот қилиш имконидан маҳрум этишмоқда. Биз бунга қарши курашишимиз лозим”, - дейди Мятиев.
Глобаллашув шароитида интернет инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди, банк хизматлари, маиший хизматлар, кундалик ижтимоий ҳаётни усиз тасаввур қилиш қийин. Туркманистон ҳукумати бир тарафдан хизматлар соҳаси рақамлаштирилганини даъво қилиб, иккинчи томондан интернетга чекловларни тобора кучайтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 10 июл куни ЕХҲТнинг ОАВлар эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейро Ашхободга ташрифи чоғида туркман ҳукуматини сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигига доир мажбуриятларини бажаришга, мамлакат фуқароларини тўлиқ ва чекловларсиз интернет билан таъминлашга даъват этганди.
Мятиевга кўра, туркман расмийлари ўзларининг интернетни оммавий блоклашга қаратилган хатти-ҳаракатларини “давлат хавфсизлигига таҳдидлар”ни бартараф этиш зарурати билан хаспўшлашади.
“Киберхавфсизлик хизмати ёки Миллий хавфсизлик вазирлиги мансабдорлари президентга ва Халқ маслаҳатига “давлат хавфсизлигига таҳдид бор, интернетни блоклаш керак”, дея ҳисобот беришади. Улар эса, табиийки, қўрқиб кетиб “нима керак бўлса, қилинглар”, деб буюришади”, - дейди Мятиев.
Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Давлат хавфсизлиги кенгашининг 2022 йил январдаги йиғилишида интернетдаги турли ахборот манбаларини чеклаш бўйича ишларни жадаллаштиришни буюрган эди. Бердимуҳамедов ушбу фармойишини “миллий хавфсизлик, жамият тинчлиги ва барқарорлиги талаби”, дея изоҳлаган.
Мятиев бу хавотирларни аслида янги-янги чекловлар жорий этиб, интернет устидан назоратни кучайтириш учун баҳона, деб ҳисоблайди.
2022 йил декабрда Туркманистон глобал интернетдан мустақил, ўз миллий рақамли тармоғини яратиш ниятида эканини маълум қилган эди. “Turkmen.news” бош муҳаррири Озодликка берган изоҳида автоном тармоқ яратиш имкони мавжудлигини, бироқ XXI аср воқелигида у кутилган натижани бермаслигини таъкидлади.
“Миллий тармоқни яратиш қўлларидан келади, албатта. Масалан, Шимолий Кореяда бор бу нарса. Аммо миллий тармоқ жамият тараққиётига, иқтисодий ривожланишига салбий таъсир этмайдими? Таъсир этиши аниқ”, - дейди журналист.