Сурия ва Туркиядаги зилзиладан кейин Марказий Осиё давлатларида ОАВ сейсмология институтлари мутахассисларидан бот‑бот иқтибос келтира бошлади. Улар 9 баллгача бўлган зилзилаларга бардош берадиган бинолар қуриш керак, деган тез-тез такрорланадиган гапни айтишарди (Олмаотанинг айрим қисмларида стандарт 10 балл).
Совет Иттифоқи даврида сейсмик фаол ҳудудлардаги бинолар доим аввалдан тасдиқланган бир хил стандарт бўйича қурилган. Ҳозир эса бу каби стандартларга риоя қилинмаяпти, деган хавотирлар узоқ вақтдан бери мавжуд.
Яқин Шарқдаги зилзиладан икки кун ўтиб, Мирзиёев Тошкентдаги қурилиш ишларини тўхтатишни буюриб, шаҳарнинг бош режасини кутишни буюрди.
Бир кун аввал мамлакат қурилиш вазири ўринбосари ҳукумат қурилиш хавфсизлиги учун тўлиқ жавобгар эмаслигини айтиб, танқидларга учради.
«Қурилиш ишларига масъул бўлган асосий орган – буюртма берган шахс, яъни бинонинг эгаси», дейди вазир ўринбосари Давронжон Одилов.
Одилов давлат томонидан белгиланган “қоидалар ва стандартларга риоя этилишига” кафолатлар берилиши мумкинлигини, лекин бу “инсон омили” учун эмас деб айтди.
Тошкентда сўнгги қурилишлар бўйича асосий ишларни назорат қилган шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қишнинг энг совуқ кунларида пойтахтнинг айрим ҳудудларида электр энергияси ўчиб қолгани сабабли январь ойида ишдан бўшатилди.
Унинг оиласи билан мамлакатни тарк этмоқчи бўлган вақтида қўлга олингани ҳақидаги хабарлар эса тасдиқланмади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Зудлик билан текшириш керак"
Жанил Токоева Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳридаги квартирасида ухлаб ётганида, унинг пахмоқ оқ мушуги баланд овозда миёвлай бошлади.
6 февраль куни соат тўртдан сал ошган эди, Қирғизистон фуқароси бўлмиш Жанил Туркия ва Суриянинг айрим ҳудудларини вайрон қилиб, 24 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган зилзила силкинишини ҳали ҳис қилмаган эди.
Аммо у саросимадаги мушугининг олтинчи сезгисига ишонди.
Токоева жониворни кўтариб кўчага югурди, кетаётганда қўшниларнинг эшигини тақиллатди. У бинодан чиқиши билан ер қимирлай бошлади.
“Биз қаерга боришни билмай тушгача кўчада юрдик. Ёмғир ёғаётган эди. Бир жойга борсак, бино қулаган, нарироқ борсак яна бири қулаб ётибди”, дейди у “Озодлик” радиосининг қирғиз хизматига берган интервьюсида.
“Биз кетаётганимизда иккинчи зилзила бўлди – энг кучлиси. Мен оёқда туролмадим. Биринчи силкинишдан омон қолган бинолар қулай бошлади”, деб эслайди Токоева.
Токоеваникига ўхшаш ҳикоялар, вайроналар остидан олиб чиқилаётган болалар – ўлик ва тирикларнинг суратлари сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган Марказий Осиё шаҳарлари, масалан, Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаота, Ўзбекистон ва Туркманистон пойтахтлари – Тошкент ва Ашхобод каби шаҳарлар бу каби зилзилаларга қандай тайёр туриши мумкинлиги ҳақида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди.
“Ўш ва [пойтахт] Бишкекда [сўнгги йилларда] кўп қаватли уйлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек пайдо бўлди”, дейди Қирғизистон депутати Медер Алиев мамлакатнинг икки йирик шаҳри ҳақида.
"Улар ҳам рухсатли, ҳам рухсатсиз қурилган, – дея қўшимча қилди у. – Уларнинг сифати қандай? Хавфсизлик талабларига жавоб берадими? Агар зилзила содир бўлса, улар қанчалик кучли бўлади? Буни зудлик билан текширишимиз керак”.
Тарихий огоҳлантиришлар
Совет давридаги давлат цензураси сабабли қанча одам ҳалок бўлганини билиш имконсиз бўлса‑да, 1948 йилда Ашхободда содир бўлган 7,3 магнитудали зилзилада ўн минглаб одамлар, жумладан, мамлакатнинг мустақилликдан кейинги биринчи президенти Сапармурод Ниёзовнинг онаси ҳам ҳалок бўлган.
1966 йилги Тошкент зилзиласида ўлим анча кам бўлган, аммо у барибир минтақадаги энг гавжум шаҳарнинг бутун қисмларини вайрон қилган.
Ўша пайтда «Верний» деб аталган ва ҳозирги 1,8 миллионлик аҳолисининг ўндан бири истиқомат қилган Олмаота 1911 йилги зилзила натижасида деярли вайрон бўлган эди. Бу зилзила эпицентри ҳозирги Қирғизистонда бўлган, унгача 19-аср охирида минтақада яна иккита кучли зилзила бўлган.
1991 йилда мустақилликка эришгандан бери Марказий Осиё давлатлари унчалик кучли силкинишларни бошдан кечирмади. Фақат 2008 йилда эпицентри Хитой, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари яқинида бўлган 6,6 магнитудали зилзила Қирғизистоннинг Нура қишлоғини вайрон қилиб, 70 дан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Душанбелик архитектор Рустам Муқимов «Озодлик» радиосининг тожик хизматига коммунизм даврида янги уй-жой макетлари шаҳар ташқарисидаги махсус полигонда синовдан ўтказилганини айтди.
“Улар махсус асбоблар ёрдамида бинонинг деворлари ва томини текширишарди. Синов бор эди. Ҳозир ундай қилинмаяпти. Менимча, уларда пул етарли эмас”, дейди у.
Уйдан узоқдаги уй
Агар зилзиладан бунчалик жабр кўрган давлат Туркия эмас, бошқа бири бўлганида, бу муҳокамалар бунчалик долзарб бўлмас эди. Юз минглаб марказий осиёликлар Туркияда яшаб, меҳнат қилмоқда. У ер меҳнат муҳожирлари учун Россиядан кейинги муҳим манзилга айланган.
Зилзилада камида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ва икки нафар Қозоғистон фуқароси ҳалок бўлган, қолганлари бедарак йўқолган.
Туркман Маремгул Баймирадова Озодлик радиосининг туркман хизматига берган интервьюсида ўз мамлакати ҳукуматини Туркиянинг икки вилояти Адана ва Малатядаги муҳожирларнинг – депортация марказларида сақланаётган туркманларнинг аҳволига ойдинлик киритишга чақирди.
"Фуқароларингизни асранг!" дея Баймиродова ҳукуматидан талаб қилди.
Туркманистоннинг собиқ президенти ва расман “миллат етакчиси” Гурбангули Бердимуҳамедов 8 февраль куни камдан-кам айтиладиган эътирофида туркманлар зилзиладан жабр кўрганини тан олди, лекин тафсилотларни келтирмади.
Европадаги диссидентларга тегишли нашр Turkmen News ҳукумат ўлган тўрт туркман жасадини мамлакатга қайтаргани ҳақида хабар берди.
Сўнгги кунларда Туркияга Марказий Осиёнинг беш давлатидан ўнлаб қутқарувчилар етиб борган, дейди расмийлар. Марказий Осиёдан яна тонналаб гуманитар ёрдам жўнатилган.
Ҳукумат ёрдамидан ташқари, пул йиғиш бўйича кўплаб оммавий ҳаракатлар ҳам кузатилди.
Қозоғистонда бир гуруҳ аёллар Туркияга жўнатиш учун 4000 дона кўрпа тикмоқчи, маҳаллий тадбиркор эса зилзилаларда уй-жойидан айрилган одамларга 120 та ўтов жўнатишга ваъда берди.
Аммо Туркияни кучли савдо шериги ва муҳим хорижий инвестор, маҳаллий қурилишларда катта роль ўйновчи давлат сифатида кўрувчи марказий осиёликлар учун пароканда ва камида 70 мамлакатдан келаётган инсонпарварлик ёрдамига таяниб қолган давлат қиёфаси унчалик ёқмаслиги мумкин.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошидаги сейсмология институти директори ўринбосари Нурсарсен Ўзбековнинг Озодлик радиосига айтишича, Шарқий Анадўли ёриғи Туркия жануби-шарқида Қозоғистондагига қараганда «ҳалокатлироқ» зилзила эҳтимолини оширади.
Мутахассис, шунингдек, Марказий Осиёнинг энг бой шаҳри Олмаотада эрта огоҳлантириш тизимлари изчил ривожланиши ва қурилиш меъёрларига қатъий риоя этилишига ишонч билдирди.
“Туркияда қурилиш меъёрларига риоя қилинганми ёки йўқ, деган саволга жавоб бера олмайман. Биз учун бу номаълум, – дейди Ўзбеков. – Аммо бу ерда 19-аср охиридаги зилзилалар каби улкан зилзила бўлганида, худо кўрсатмасин, ўйлайманки, аввало ўз ресурсларимизга суянган бўлар эдик. Буни уддалай олмасак, Туркия каби бизга ёрдам беришга тайёр яхши шерикларимиз бор”.