Туркия Тожикистон фуқароларига нисбатан виза тартибини жорий қилди. Президент Эрдўғоннинг бунга оид фармони 6 апрель куни ҳукумат нашри бўлган Resmi gazete (“Расмий газета”) орқали ёйинланган. 7 апрель куни эса Тожикистон ТИВ Анқарадан расмий билдиришнома олганини тасдиқлаган.
Хорижий паспортларга эга бўлган тожикистонликларга нисбатан виза тартиби 20 апрелдан амалда бўлади. Виза тартиби нима сабабдан жорий этилганига турк расмийлари изоҳ берган эмас. Тожикистонликлар Туркияга учиб борганларидан кейин виза олишлари мумкинми ёки улар виза учун элчихонага мурожаат қилишлари керакми — бу борада ҳозирча аниқ бир маълумот йўқ.
Ҳозирда тожикистонликлар Туркияда 30 кунгача визасиз юриш ҳуқуқига эгалар. Тожикистон ТИВ Анқаранинг бу қадамига қарши жавоб чоралари қабул қилиниши мумкинлигини билдириб, ўз фуқароларига хорижий сафарларда Туркиядан транзит ўлка ўлароқ фойдаланмасликни тавсия қилган.
Озодликнинг тожик хизмати қайдича, тожикистонликлар учун виза тартиби жорий этилганига оид хабар кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ранжитган. Туркия Тожикистондан бўлган тижоратчилар ва сайёҳлар учун муҳим йўналиш бўлиб ҳисобланади, шунингдек, тожикистонликлар бу мамлакатдан муҳим транзит пункти ўлароқ ҳам фойдаланиб келишади.
Озодлик суҳбатдоши сиёсатшунос Абдумалик Қодиров бошқа шарҳловчилар сингари Туркия ҳукумати қарорини Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”га 22 март куни амалга оширилган ҳужум билан боғлаган. Россияда мазкур ҳужумда гумонланиб Тожикистоннинг бир неча нафар фуқароси ҳибсга олинган.
“Туркиянинг ҳозирда кўраётган чораси Тожикистон фуқароларини “жамоавий тарзда жазолаш” деб аталади”, деган сиёсатшунос.
Аввалроқ “Крокус”га ҳужумда гумонланганлардан камида икки нафари бир муддат Истанбулда бўлиб, кейин Москвага учиб боргани ҳақида хабар қилинган эди.
Концерт залидаги теракт учун масъулиятни террор ташкилот деб тан олинган “Ислом давлати” ўз зиммасига олган. Шу йил январь ойида эса ИД Истанбулдаги католик черковига ҳужум учун масъулиятни зиммасига олган, ҳужумчилар орасида Тожикистон ва Россия фуқаролари бор эди. Туркия расмийлари аввалроқ ИДга алоқадорлиги тахмин этилган 48 киши қўлга олингани ҳақида маълум қилишган. Уларнинг қайси давлат фуқароси бўлганига аниқлик киритилган эмас.
Тожикистон расмийлари “Крокус Сити Холл”га ҳужумни қоралаб чиқишган, мамлакат ҳудудида ИДга алоқадорликда гумонланган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар қилинган. Айни пайтда Тожикистон ТИВ Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг Душанбедаги Украина элчихонаси Россияга қарши жанговар ҳаракатлар олиб бориш учун гўё одам ёллаётганига оид иддаоларини расман рад этган. ТИВ вакили “россиялик мансабдор шахснинг иддаолари ҳеч қандай асосга эга эмас”лигини билдирган.
Россия расмийлари “Крокус”даги терактда Украина изи борлиги иддао қилишган, Киев ва Ғарб вакиллари эса бу иддаони “абсурд” деб аташган.