Туркиянинг Адана шаҳрида Ғазодаги ҳарбий амалиётга норозилик билдирганлар АҚШнинг Инжирлик авиабазасига бостириб киришга ҳаракат қилди. Туркиянинг NTV телеканали хабарича, улар авиабазанинг ёпилишини талаб этишган.
Телеканал норозилик намойиши иштирокчиларининг айримлари Аданага Истанбулдан ва бошқа шаҳарлардан келгани ҳақида билдирди. Полиция авиабазага элтувчи шаҳар кўчаларини ёпиб қўйди. Норозилар авибазага далалар орқали ўтмоқчи бўлишганида, полиция уларни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.
7 октябрда ҲАМАС-Исроил уруши бошланганидан бери Исроилда 1400 киши ҳалок бўлгани ва 250 киши гаровга олингани билдирилди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 10 минг киши ўлганини, уларнинг 4800 нафари бола эканини айтмоқда.
Фаластин Исроилни Ғазода тинч аҳолини ва фуқаролик инфраструктурасини ўққа тутаётганликда айблади. Исроил армияси эса фақат ҲАМАС манзилларига зарба бераётганини таъкидламоқда.
БМТ ва Ғарб томонларни оташкесимга чақирмоқда. Ҳуқуқ фаоллари Ғазода гуманитар инқироз юзага келганидан ташвиш билдирмоқда.