Туркия: Анталия аэропортига қўнган Россия учоғида ёнғин чиқди

Туркияда 24 ноябрь оқшомида Россиянинг “Азимут” авиаширкатига қарашли Sukhoi Superjet 100 йўловчи учоғида Анталия аэропортига қўнганидан кейин ёнғин чиқди. Учоқ Россиянинг Сочи шаҳридан учиб келган, унинг бортида 95 киши бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида ҳеч ким жабр кўрган эмас. Ёнғин ўчирилган.

Туркия авиация расмийларига кўра, учоқда 89 нафар нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган. Росавиация иддаосича, уларнинг барчаси эвакуация қилинган ва қурбонлар бўлмаган.

Mash ва Baza телеграм-каналларининг йўловчилар маълумотига таянган ҳолда хабар қилишларича, учоқ иниш чоғида қўниш йўлагига қаттиқ урилган, шундан сўнг ундан ёқилғи оқиб кетган. Авиаширкат вакиллари ТАСС агентлигига кучли шамол туфайли “қаттиқ қўниш” бўлганини тасдиқлашган.

Гувоҳлар даставвал учоқнинг двигатели ёна бошлагани, кейин эса аланга бошқа жойларга ўтганини айтишган. Турк матбуотига кўра, воқеа жойига қутқарув хизматлари етиб борган, ҳодиса бўйича текширув бошланган.

AirportHaber сайтига кўра, Анталия аэропорти вақтинча рейсларни қабул қилмай қўйган. Учиш-қўниш йўлаги авария туфайли ёпилган.

Октябрь ойида Минеральние водидан Ивановога қатновни амалга ошираётган Superjet ёниб кетгани ортидан Москвадаги Внуково аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширганди. Қўниш пайтида учоқнинг пастки қисмида учқунлар чақнаши кузатилган, дейилган Росавиация ҳисоботида. Ўшанда учоқ бортида 98 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси бўлган, ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланмаган.

2019 йили Москвадаги Шереметьево аэропортида “Аэрофлот” авиаширкатига тегишли Sukhoi Superjet 100 учоғи қўниш йўлагига урилгани ортидан ёниб кетган эди. Ўша пайтда учоқ бортида бўлган 78 кишидан 41 нафари ҳалок бўлган. Экипаж командири Денис Евдокимов 2023 йили олти йилга қамалган.

Евдокимовнинг адвокатлари фожиага шассининг ерга қаттиқ тегиши натижасида ёқилғи тўкилишига олиб келган учоқдаги конструктив камчиликлар сабаб бўлганини таъкидлаган: уларга кўра, шасси тиргаклари ерга урилиш чоғида ёқилғи бакларини тешиб қўйгани иддао қилинган.