Тошкентда автотураргоҳлар ягона бошқарувчига сотилди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрида пулли автотураргоҳлар ташкил этиладиган ер участкаларини ижарага бериш бўйича аукционда Balcomuz компанияси 120,15 миллиард сўмлик таклиф билан ғолиб бўлди.

Бошланғич нарх 57 миллиард сўмни ташкил этган кимошди доирасида пойтахтдаги жами 86 та пулли парковка участкаси кимга берилиши ҳал этилди.

Daryo.uz нашрининг ёзишича, Balcomuz МЧЖнинг 60 фоиз улуши Balcom Cо. Ltd (Япония) компаниясига, 20 фоизи Авазбек Нуриддиновга, 10 фоизи Бобур Акрамовга ҳамда қолгани (10 фоиз) Анвар Ҳошимовга тегишли.

Balcomuz Ўзбекистонда 2019 йилдан бери Central Park истироҳат боғи, “Море” сув мажмуаси, The Bani ҳаммом мажмуаси, Oxygen Development кўп қаватли тураржой ва савдо биноси, Flamingо ресторани каби лойиҳаларни амалга оширган.

Ижара муддати уч йил бўлиб, ижарачи дастлабки икки йилда автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар, ҳаракатни ташкил этиш воситалари ва коммуникация тармоқларини ўрнатиш учун камида 5 миллион доллар сармоя киритиши керак.

Фаоллар пойтахтдаги жами 262,8 минг квадрат метр майдоннинг битта лот доирасида ягона бошқарувчига берилишини “парковка монополиясининг ўрнатилиши” дея баҳолашмоқда.

Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров таъкидича, Рақобат қўмитаси ва Аксилкоррупция агентлиги пойтахтда парковка монополиясини яратиши мумкин бўлган аукционни тўхтатиши керак эди.

“Бу якка лотни ўнлаб лотларга ажратиш ва талабгорлар кўпайтириш ҳисобига, ҳуқуқларни 120 миллиард сўм эмас, балки 500 миллиард сўмга сотиш мумкин бўларди. Бозорда ўзаро рақобатлашувчи бир неча компаниялар шаклланарди, давлат ютарди, истеъмолчи ютарди. Бу Тошкент учун, Ўзбекистон учун навбатдаги мағлубият”, деб ёзди Бакиров.