Тошкент уй бозори сармоявий жозибасини йўқотмоқда

Иллюстратив сурат

Тошкентда кўп қаватли уй-жой қурилишига киритилган инвестиция даромадлилиги тушиб бормоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) таҳлиллари ана шундан далолат беради.

2024 йил февралида пойтахтда кўп қаватли уй-жойга киритилган инвестицияларнинг даромадлилиги ўртача 32,4 фоизни ташкил қилган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткич 12,2 фоизгача тушган.

Масалан, пойтахтда уй-жой ва ижара нархи нисбатан юқори бўлган ҳудуд – Шайхонтоҳур туманида февраль ойида уй-жой нархи кўтарилиши ҳисобига фойда ўртача 35,8 фоизни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткич 5,5 фоизгача пасайган.

Уй-жой нархи ўзгаришидан олинадиган ўртача даромад, айниқса, Миробод (23,2 фоиздан 1,9 фоизга) ва Яккасарой (16,1 фоиздан 3,5 фоизга) туманларида кескин сезилган.

МҲТИ таҳлиллари пойтахт туманларида ижара даромади ўсиши ҳам секинлашганини кўрсатади.

Аниқлик киритилишича, уй-жойнинг инвестицион даромадлилиги уй-жой нархлари йиллик ўзгаришидан олинадиган даромад ҳамда уларни ижарага беришдан келадиган йиллик даромад йиғиндиси асосида ҳисобланади.

Иқтисодчилар турли инвестиция воситалари, жумладан, акция, облигация ёки пенсия фонди каби имкониятлар чекланган шароитида аҳоли ўз жамғармаларини уй-жойга сармоя шаклида йўналтиришини қайд этади.

Озодлик аввалроқ жорий йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон уй-жой бозорида сусайиш кузатилгани ҳақида хабар берганди.

Июль–сентябрь ойларида республика бўйича кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41 минг 861 та шартнома расмийлаштирилган. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 3 минг 362 тага (7,4 фоизга) камдир.