Ойбек Усмонов Ўзбекистоннинг Афғонистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди.
Ўзбекистон ТИВ ҳузуридаги “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Усмонов сўнгги ўн икки йил мобайнида Кобулда элчи бўлиб ишлаган Ёдгорхўжа Шодмоновнинг ўрнини эгалламоқда.
Мутахассислиги бўйича филолог ва шарқшунос бўлган Ойбек Усмонов 1998 йилдан буён ташқи сиёсат маҳкамаси тизимида фаолият юритиб келган.
Кобулга тайинланишидан олдин у Миср ва Покистонда элчи, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.
62 ёшли дипломат инглизчадан ташқари пушту-дарий тилини ҳам билиши айтилган.
Сўнгги бир ой ичида Кобул ва Тошкент кетма-кет ўз элчиларини янгилади.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистоннинг Тошкентдаги дипломатик миссияси янги раҳбари Абдул Ғаффор Теравийни қабул қилгани ҳақида хабар қилганди.
2021 йил август ойида Афғонистоннинг асосий қисми, жумладан, пойтахт Кобулни эгаллаган “Толибон” ҳаракати “Афғонистон ислом амирлиги” ташкил этилганини эълон қилган.
Толиблар ҳокимиятга келганидан буён ўтган икки йил ичида дунё давлатларидан биронтаси у шакллантирган ҳукуматни расман тан олган эмас.
“Толибон” ҳаракати кўплаб мамлакатларда террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.
Ҳозирда “Толибон” ҳукумати хорижий давлатлардаги 39 та элчихона ва консулликни назорат қилади.
Ўзбекистон Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасини жорий йилнинг февраль ойида янги маъмурият ихтиёрига топширган эди.