Қасим-Жомарт Тоқаевдан интервьюни “Қазақ газеттері” (“Қозоқ газеталари”) МЧШ бош директори Дихан Камзабекули олган. Юз фоиз давлат назоратида бўлган бу ташкилот бюджетдан молиялаштирилувчи нашрларни бошқариб келади.
Интервью давомида журналист президентга 26 та савол берган. Айримлари узрхоҳлик билан берилган бу саволлар ортасида йўналтирувчи ва аниқлик киритувчи саволлар йўқ эди. Дейлик, у нарх ошиши ва тарифлар кўтарилиши ҳақида савол берган, бироқ президентнинг жавобида фақат ҳукумат ишининг самарадорлигига оид саволга жавоб бор, холос.
Аснода Қозоғистонда нарх ошиши энг асосий муаммолардан бири бўлиб турибди. Миллий банк инфляция даражасини йиллик 10-11 фоиз атрофида кўрсатмоқда, айни пайтда “Озодлик” радиоси қозоқ хизмати мухбирининг ярим йил аввалги чеклар билан шу кундагиларининг солиштириши ун нархининг икки баробардан кўпроқ ошганини кўрсатган. Расмий статистика ҳам аҳоли орасида қашшоқлик даражаси ошганини қайд этган: 1,2 миллион нафар қозоғистонлик ойига 50 минг тенге (тақрибан 110 доллар) даромад билан зўрға кун кечирмоқда.
2026 ЙИЛДАГИ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ҲАҚИДА
Egemen Qazaqstan газетасида 2 январь куни ёйинланган интервьюда Қасим-Жомарт Тоқаев ўзининг яна бир муддатга президентликка сайланишига имконият яратилиши учун мамлакат Конституциясига ўзгартишлар киритилиши ҳақида пайдо бўлган тахминларни рад этган.
У 2026 йилда бўлиб ўтадиган президент сайловида қатнашмаслигини урғулаган.
Тоқаевга кўра, Қозоғистон президентлигига бир марта сайланиш мумкинлиги қайд этилган қонун моддаси "бундан буён ҳеч қачон ўзгартирилмайди".
ЯНВАРЬ ВОҚЕАЛАРИ ҲАҚИДА
Тоқаев интервьюсининг каттагина қисми Қозоғистонда 2022 йилнинг январь ойида содир бўлган воқеаларга бағишланган. Қозоғистон президенти “бу масалалар устида кўп бош қотирган”и ва бу ҳақда мулоҳаза қилишда давом этаётанини айтган. У “фожиавий Январь воқеаларига кўп йиллар мобайнида ҳал этилмаган ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳамда ҳокимият ва жамият деградациясига уланиб кетган умумий турғунлик олиб келган”, деган фикрда.
Тоқаев фикрича, 2019 йилда ҳокимият тепасига келганидан кейин у “сиёсий тизимни демократлашиш томон йўл тутган”, бу эса “нуфузли шахсларнинг кескин қаршилиги”га сабаб бўлиб, пировардида Январь воқеаларига олиб келган.
Президент бу ўринда исмларга тўхталмаган, бироқ “куч ишлатар тузилмалар ва криминалитетга улкан таъсири бўлган юқори лавозимли шахслар гуруҳи” ҳақида гапирган. Ундаги маълумотларга кўра, бу гуруҳ ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга ҳозирликни 2021 йил ўрталаридан бошлаган.
“Кейин ҳукумат суюлтирилган газ нархини кескин ошириш бўйича атрофлича ўйланмаган, ғайриқонуний қарор қабул қилган ва Манғистау вилоятида провокаторлар фитнасига учган одамлар намойишга чиқишган”, дея ўз қарашини баён этган Тоқаев.
Президент газ нархи ошишидан норози бўлган одамлар ўз ихтиёрлари билан норозилик билдириб чиққанига ишонмайди. Январь воқеаларининг “тўлқинсимон характерга эга” бўлгани ҳақида гапирган Тоқаев мулоҳазасича, бу тўлқинларининг энг хавфлиси “учинчи тўлқин” бўлиб, унда “лидерлари фитначилар назорати остида бўлган ҳамда хориждан келган террорчилар билан алоқада бўлган криминал тўдалар ишга тушган”.
Президент бу “террорчилар”нинг ким экани ва “хориждан” кимлар келганига аниқлик киритган эмас. Тоқаев бу интервьюда 2022 йил январида айтгани каби “20 минг бандит” ҳамда “Марказий Осиё мамлакатларининг биридан келган бандитлар”дан баҳс этган эмас. Бу тахминни қувватловчи бирор-бир далил келтирилмаган.
Январь воқеалари ҳақида гапира туриб, Тоқаев даставвал “фитначилар тинч норозилик намойишларини оммавий тартибсизликларга айлантириб юборишган”ини иддао қилган, кейинроқ эса бошқа бир саволга жавоб бераркан, “Ахир тинч намойишларга автомат, тўппонча ва совуқ қурол кўтариб келинадими?” дея савол ташлаган.
Президент “юк машиналаридан фойдаланган ҳолда Оқўрдага турли ҳужумлар уюштиришга ҳозирлик кўрилганига оид маълумотлар бор”лигини билдирган ва бундай маълумот унга ИИВ томондан келганини урғулаган.
“Менга бир неча бор қароргоҳни тарк этишни, ҳатто эвакуация қилишни, жумладан хорижга чиқиб кетишни тавсия қилишди, аммо мен бунга қатъиян рози бўлмадим”, деган президент ўз интервьюсида.
КХШТ ТАКЛИФ ҚИЛИНИШИ ҲАҚИДА
Журналист президентдан “Россия ҳарбийларининг Қозоғистонга таклиф қилиш қарори” ҳақида сўраган. Тоқаев КХШТга “хаос ва минтақаларда феълан ҳокимиятсизлик шароитида” мурожаат қилганини айтиб, “мурожаат Россияга эмас, Қозоғистон аъзо бўлган КХШТга қилинган”ини таъкидлаган. Ундаги маълумотга кўра, “КХШТ контингенти битта ҳам ўқ отган эмас” – Арманистон контингенти шаҳар сув таъминоти идораси ва “Ақсай” нон комбинатини, Беларусь контингенти Жетигендаги аэродромни, Тожикистон ва Қирғизистон контингентлари Олмаота шаҳридаги 1-ИЭС ва 2-ИЭСни, Россия контингенти эса 3-ИЭС ҳамда телекоммуникация объектларини қўриқлаган.
Россия етовида бўлган КХШТга аъзо мамлакатлар ҳарбийларининг Қозоғистонга келиши аввалроқ қозоғистонликлар томонидан қаттиқ танқид қилинган, Россия пропагандистлари эса Кремль том маънода “мамлакатни қутқарган”ини даъво қилишган эди. Ўшанда қозоқ расмийлари мамлакат “20 минг чоғли бандит ҳужум қилган”и иддао қилишган, бироқ бу баёнотлар кейинчалик исботини топган эмас. Кечаги интервьюсида Тоқаев “финтачилар” билан бирга “криминалитет ва диний экстремистлар” ишлаганини айтган.
Президент Январь воқеалари иштирокчилари устидан судлар ҳақида бирор оғиз ҳам гапирмаган, ваҳоланки, бу суд жараёнлари жамоатчилик томонидан кўп танқид қилинган эди.
МИТИНГЛАР ВА “СИЁСИЙ МАҲБУСЛАР” ҲАҚИДА
“Бизда ҳокимият хатти-ҳаракатига нисбатан очиқчасига норозилик билдириш учун барча шарт-шароит яратилган... Бизда тинч намойишлар тўғрисидаги демократик қонун амалда”, деган Тоқаев 2 январдаги ўз интервьюсида.
Бу билан президент Қозоғистонда ўз фикрини оммага эркин ифода қилишда муаммо йўқлигини айтмоқда. Ваҳоланки, фактлар бунинг аксини исботлаяпти. Жамоатчилик фаоллари ва ҳуқуқбонлар митинглар тўғрисидаги мазкур “демократик қонун”ни бир неча бор танқид қилишган. Ҳужжатда тинч йиғилиш ўтказиш борасида расмийларни огоҳлантириш билан чекланиш мумкинлиги айтилган, бироқ аслида бу каби тадбирлар учун маҳаллий расмийлар розилигини олиш талаб этилади. Муаммо ҳам айнан шунда, чунки ҳокимиятлар турли баҳоналар билан бу тадбирларга рад жавобини бериб келишмоқда.
Тоқаев Қозоғистонда “сиёсий маҳбуслар” борлигини ҳам тан олмайди. “Сиёсий таъқибнинг асосий аломатлари цензура, махсус қонунлар ва жазо органлари бўлиб ҳисобланади. Замонавий Қозоғистонда буларнинг биронтаси йўқ”, деган президент.
Бу орада Қозоғистонда “сиёсий маҳбуслар” рўйхати тобора узайиб бормоқда. Бу рўйхат қозоғистонлик ҳуқуқбонлар ва фаолларнинг экспертлик кенгаши тузган. Ўтган йили унга жамоатчилик фаоли Айгерим Тлеужан киритилган. Фаол фуқаролик позициясига эга бўлган профессионал таржимон аёл “Олмаота аэропортини эгаллаб олиш”га оид иш бўйича тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган. Тлеужан барча айбловларни рад этиб, уни расмийларни танқид қилгани учун судлашганини айтган.
ҚЎШҲОКИМИЯТЧИЛИК ҲАҚИДА
“Қўшҳокимиятчилик моделини тиқиштириш ҳаракатлари ҳақиқатан ҳам бўлган ва айтишим лозимки, бу ҳаракатлар бир мақсадга йўналтирилгани ва уюшқоқлиги билан ажралиб турган. “Ҳокимият транзити” бўйича юзага келган сиёсий вазиятда сиёсий манипуляторлар қандайдир параллел ҳокимият марказини шакллантиришди. Мамлакатимизда президент ва олий бош қўмондон ҳамда собиқ президент тимсолида Хавфсизлик кенгаши раиси фаолият юритган. Бу пировардида ҳокимият коллизиясига олиб келмаслиги мумкин эмасди”, деган Тоқаев.
Қайд этиш жоизки, бу Тоқаевнинг қўшҳокимиятчилик ҳақида илк бор бу қадар кўламли изоҳ беришидир. Қозоғистонда кўп қарорлар Оқўрдада эмас, айнан собиқ президентнинг (Назарбоевнинг – таҳр.) офисида қабул қилингани учун сиёсатшунослар Тоқаевни бир неча бор “ярим президент” деб аташган эди.
“Айрим амалдорлар галма-галига кабинетлар бўйлаб чопиб юришарди. Улар бу билан ўйнаб, охири ўйинга берилиб кетишди. Кейинроқ мен Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг юзига сиёсий ўйинлар, энг аввало унинг энг яқин сафдошлари ўйнаган ўйинлар мамлакатни парчалаб ташлашига сал қолганини айтгандим”, дея билдирган Тоқаев.
Қасим-Жомарт Тоқаев фикрича, қўшҳокимиятчилик “январь инқирозига олиб борган сабаблардан бири бўлган”, чунки фитначилар қўшҳокимиятчилик ёки “тандем” моделидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилишган.
“Қатор мансабдор шахсларнинг, жумладан собиқ адлия вазирининг “ўз мақомига кўра Элбоши президентдан юқори туради” қабилидаги баёнотларини эсласангиз керак”, дея мисол келтирган Тоқаев исм келтирмаган ҳолда. Афтидан, бу ерда гап ҳозирги пайтда ҳибсда бўлган собиқ вазир Марат Бекетаев ҳақида кетмоқда. У “мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлик”да гумонланяпти.
“Катта ва кичик президент” деган тушунча умуман бўлмаслиги керак”, деган Тоқаев “Кетганидан кейин кет”, дея қўшимча қилган.
Унинг сўнгги сўзлари, афтидан, қонли Январь воқеаларигача Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллаб келган собиқ президент Нурсултон Назарбоевга қаратилган бўлса керак. Январь воқеалари чоғида Тоқаев тафсилотларига тўхталмаган ҳолда кенгаш раислиги ўзига ўтганини билдирган эди.
РОССИЯ ВА ХИТОЙ ҲАҚИДА
“Россия президенти Владимир Путин бугунги кунда ўз сўзлари ва хатти-ҳаракатлари билан моҳиятан глобал кун тартибини шакллантираётган лидердир. Россия фикри билан бутун дунёда ҳисоблашишади, бу давлат иштирокисиз жаҳондаги бирор муаммо ҳал қилинмайди ва бу фактдир”, дея билдирган Тоқаев Россия билан алоқалар ва бу мамлакатда 2024 йил мартида бўлиб ўтадиган президент сайловига оид саволга жавоб берар экан.
Бу баёнот Россия бошқа бир мустақил давлат – Украинага қарши қарийб икки йилдан буён уруш олиб бораётгани, Кремль пропагандистлари эса Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигига “кўз олайтираётган”и манзарасида жуда баҳсли кўринади. Аммо Тоқаев бу ҳақда гапирмайди, билъакс Россия Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб ҳисобланиши ва икки мамлакат ўртасидаги чегара дунёдаги энг узун қуруқлик чегараси эканига оид ҳаммага аён тезисларни олға суради.
Қозоғистоннинг бошқа бир қўшниси – Хитой ҳақида ҳам Тоқаев бирор янги гап айтган эмас: Пекин анъанавий равишда Қозоғистон иқтисодиётига энг кўп сармоя ётқизган инвесторлардан бири бўлиб ҳисобланади.
“Хитойга нисбатан четдан суқиштирилган ёки узоқ ўтмишдаги тасаввурларга асосланган қўрқув бўлмаслиги керак бизда”, дея билдирган Қозоғистон президенти.
Шунингдек, ўз интервьюсида Тоқаев 2024 йилда қозоғистонлик “миллатнинг янги юксалиши”га шоҳид бўлишини айтган.