Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев болалар хавфсизлиги ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қонунда калтаклаш ва енгил тан жароҳати етказиш учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган. Қонунга қўшилган асосий ўзгартишлар маиший зўравонлик криминализацияси, болаларга қарши зўравонликнинг ҳар қандай шакли учун жазонинг кучайтирилиши ҳамда оилавий зўравонликка қарши кураш бўйича профилактик чораларнинг бутун бошли мажмуасида акс этади.
Ҳужжат билан калтаклаганлик учун тақрибан 658 долларгача жарима тайин қилиш ёки 80 соатгача жамоатчилик ишларига жалб қилиш ёхуд 25 суткагача ҳибсга олиш шаклида жазо чоралари белгиланган. Бунгача мазкур ҳуқуқбузарлик учун 123 долларгача жарима солиниши ёки 15 суткагача қамоқ жазоси берилар эди. Агар бундай хатти-ҳаракатлар вояга етмаган шахс, хизмат вазифасини ўтаётган киши ва у касбий ёки ижтимоий бурчини бажаётган шахсга нисбатан ўта шафқатсизлик билан амалга оширилган бўлса, айбдор икки йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиниш жазосига тортилиши мумкин.
Бундан ташқари, қонун билан Қозоғистонда илк бор вояга етмаган шахснинг интернет платформалари дохил турли жойларда таъқиб қилинишига қарши маъмурий жавобгарлик жорий қилинмоқда.
Қабул қилинган қонунда педофилия учун умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Ҳужжат билан ўзини ўлдиришга олиб борганлик ёки ўз жонига қасд қилишга ундаганлик учун беш йилдан тўққиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо чораси киритилмоқда. Шу билан бирга, ўз жонига қасд қилишга ташвиқ қилганлик учун 1,5 минг доллардан кўпроқ миқдорда жарима шаклида янги жиноий жавобгарлик жорий қилиняпти.
Мазкур қонун 28 февраль куни Қозоғистон парламенти қуйи палатаси (мажилиси) томонидан қабул қилиниб, 11 апрель куни сенат томонидан маъқулланган.
Сўнгги йилларда Қозоғистонда аёлларга қарши зўравонлик ва оилавий-маиший зўравонлик мавзулари энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда, дея қайд этган Озодликнинг қозоқ хизмати. Бундай воқеалардан энг шов-шувлиси Салтанат Нукенованинг ўлими бўлган. Аёлнинг ўлимида унинг эри, собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев гумонланмоқда.
“Оилавий-маиший зўравонликка қарши кураш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишини энг кўп талаб қилиб келган қатлам ҳуқуқбонлар ва фем-фаоллар бўлган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистонда “барча даражаларда фемицид” давом этаётганини айтишмоқда. Қайд этилишича, гендер зўравонлиги натижасида Қозоғистонда ҳар йили 400 га яқин аёл нобуд бўлади, айни пайтда бунга оид ишларнинг фақат 40 фоизигина судгача етиб боради ҳамда бундай жиноятларнинг айримларигина кенг жамоатчиликка ошкор қилинади.