Афғонистонда Толибон ҳаракати вакиллари шакллантирган ҳукумат таркибига кирувчи ташқи ишлар вазирлиги қирғиз-тожик можаросида инсонлар қурбон бўлгани юзасидан “таассуф” билдириб, томонларни “ўз муммоларини мулоқот йўли билан ҳал этишга” чақирди.
ТИВнинг 31 январь куни Толибон ҳаракати расмий сайтида эълон қилинган баёнотида шундай дейилган: “Афғонистон Ислом Амирлиги минтақадаги барча мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқалар ўзаро тинчлик, барқарорликда яшаш ва барча соҳаларда иқтисодий тараққиётга интилишга таянади, деб ҳисоблайди. Биз иккала мамлакатни мавжуд ва келгусида юзага келган муаммоларга мулоқот йўли билан ечим топишга чақирамиз”.
Жорий йилнинг 27 январь куни қирғиз-тожик чегарасида навбатдаги қуролли можаро юз бериб, Қирғизистон томонидан 13 киши жабрланган, Тожикистондан эса икки киши нобуд бўлиб, 10 киши жароҳат олган. Можаро 28 январь куни тўхтатилган ва томонлар музокара столига ўтирганлар. Тўқнашув икки мамлакат чегара хизматлари бир-бирини йўлларни ноқонуний тўсиб қўйишда айблаши ортидан бошланган.
Бу – ўз мамлакатида қонли жанглар олиб бораётган Толибон ҳаракатининг Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара можаролари юзасидан берган иккинчи баёнотидир.
Илк бор Толибон ўтган йил июнида – ўзи Афғонистон ҳукумати қўшинлари билан қақшатқич жанглар олиб бораётган пайтда баёнот бериб, Қирғизистон ва Тожикистонни “ўз муаммоларини мулоқот йўли билан ҳал этишга ва иккала мамлакат учун манфаатли бўладиган мантиқий ечим излаш”га чақирган эди.
Ўтган йилнинг 28 ва 29 апрель кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли можарода ўнлаб одам нобуд бўлиб, юзларча киши яраланган. Бу можароларга икки мамлакат ўртасидаги чегара демаркация қилинмаганлиги сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Қирғизистон ва Тожикистон Толибон ҳаракатини террорчи ташкилот деб топиб, ўз ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлаган. Иккала мамлакат ҳам Толибон шакллантирган ҳукумат билан дипломатик алоқалар ўрнатган эмас.