Афғонистон Ўзбекистон дохил тўрт хорижий мамлакатдан сўнгги икки йил ичида олган электр энергияси учун қарзини узган. Hasht-e Subh Daily нашрининг хабар қилишича, бу ҳақда Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) миллий энергетика компанияси вакили Ҳикматуллоҳ Майвандий маълум қилган.
Толибон мулозими ширкат электр энергияси етказиб берилиши бўйича Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрон олдида тўпланиб қолган 627 миллион долларлик қарзини тўлиқ тўлаганини, бу қарзнинг бир қисми Ашраф Ғани ҳукмронлиги давридан мерос эканини қайд этган.
Газета.uz нашрининг “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” корхонаси маълумотига таянган ҳолда ёзишича, 2022 йил якунларига кўра Афғонистон Ўзбекистондан 4,05 миллион доллар қарз бўлган. Ўтган йили Ўзбекистон бу мамлакатга ҳар кВт/соатини 5 центдан 1,82 кВт/соат, яъни 91,18 миллион долларлик электр энергияси етказиб берган. 2023 йил учун Афғонистондан 93,5 миллион доллар олинган. Шу йил январида эса ўзбекистонлик энергетиклар 15,99 миллион долларга 320 миллион кВт/соат электр етказиб беришган. 2024 йил 1 февраль ҳолатига Афғонистоннинг Ўзбекистондан қарзи 1,24 миллион долларни ташкил этмоқда.
Ўтган йил декабрида Ўзбекистон 2024 йил учун электр энергиясини етказиб бериш бўйича Афғонистон билан шартнома узайтирилгани ҳақида хабар қилинган эди.