Афғонистонда толиблар шакллантирган ҳукумат Ташқи ишлар вазирлиги “Толибон” ҳаракатини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаргани учун Қирғизистонга миннатдорлик билдирган. Бунга доир баёнот вазирликнинг расмий сайтида 5 сентябрь куни ёйинланган.
“Толибон” дипломатлари қайдича, Қирғизистоннинг бу қарори бошқа мамлакатлар қарорлари билан бир қаторда “Афғонистон Ислом Амирлигини сиёсий жиҳатдан тан олиш минтақавий ва халқаро даражада ошиб бораётганини кўрсатади”.
“Шунингдек, у Афғонистон Ислом Амирлиги ва бошқа давлатлар ўртасидаги икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиши учун тўсиқларни бартараф қилади”, дейилган ТИВ хабарномасида.
Айни баёнотни Афғонистон ТИВ вакили Абдул Қаҳҳор Балхий ҳам Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида ёйинлаган.
“Толибон” ҳаракати Қирғизистон ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилгани ҳақида аввалроқ қатор нашрлар Қирғизистон Бош прокуратурасининг тегишли рўйхатига таянган ҳолда хабар қилишган – мазкур рўйхатда “Толибон” йўқ эди. Айни пайтда “Толибон” ҳаракати Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси сайтида ҳали ҳам тақиқланган ташкилотлар рўйхатида турибди.
Дин ишлар бўйича давлат комиссияси сайтида қайд этилишича, Бишкек шаҳри Биринчи май туман судининг 2006 йил 15 сентябридаги қарори билан “Толибон” ҳаракати террор ташкилоти деб топилган ва Қирғизистон ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган.
Қирғизистон Бош прокуратураси Афғонистон ТИВ баёноти юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.
“Толибон” радикал ҳаракати АҚШ бошчилигидаги Халқаро коалиция қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейиноқ – 2021 йил августида ҳокимият тепасига келган. Қўшинлар чиқиб кетиши манзарасида толиблар ҳужумларини кучайтирган ва бу мамлакат пойтахти – Кобул шаҳрининг олиниши билан якунланган. Ўшандан буён толиблар Афғонистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатишган ва шу билан бирга халқаро миқёсда тан олиниш учун чоралар кўриб келишмоқда.
Ўзбекистон расмийлари ҳам қарийб уч йилдан буён Афғонистонда ҳукмронлик қилиб келаётган "Толибон" ҳаракати билан муносабатларни бузмасликка уриниб келишади. Расмий Тошкент 2021 йил сентябридан бери толибларга бир неча марта гуманитар ёрдам йўллаган, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказган ҳамда биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда.