Афғонистонда ҳокимият тепасида ўтирган ва дунёдаги кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти деб топилган “Толибон” ҳаракати болаларни полиомиелитга қарши эмлов жараёнини тўхтатиб қўйган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумот тарқатди.
Афғонистон ва унга қўшни бўлган Покистон ўлим билан тугаши эҳтимоли бор бу касаллик ёйилишини тўхтатиш имкони бўлмаган икки мамлакат бўлиб ҳисобланади. Афтидан, толиблар қарори минтақадаги ва унинг хорижидаги бошқа мамлакатлар учун ҳам жиддий оқибатларга сабаб бўлади, деб ёзган Associated Press агентлиги.
Афғонистонда полиомиелитга қарши эмлаш тўхтатиб қўйилганига оид хабарлар сентябрь ойидаги эмлов кампанияси манзарасида келиб тушган. Толибларнинг бундай қарорга нима сабабдан келгани очиқланган эмас. Оммавий ахборот воситалари бу борада “Толибон” вакилларидан изоҳ олишолмаган.
Жорий йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Афғонистонда полиомиелитга оид 18 та ҳолатни тасдиқлаган. Ўтган йили касаллик юқтириб олиниши билан боғлиқ олтита ҳолат қайд этилган.
ЖССТ Афғонистонда эмлов ўтказилмаётгани аҳоли миграцияси юқорилиги сабабли Покистон учун хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Покистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Associated Press ахборот агентлиги билан суҳбатда, агар эмлов кампанияси мунтазам ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилмаса, полиомиелит вируси ҳар икки мамлакатда тарқалиб, болаларни нобуд қилишда давом этишини қайд этган.